Ссылки доступа

ЕТТБ пандемия даврида Ўзбекистонга ярим миллиард доллардан кўпроқ қарз берган


Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2020 йилда Ўзбекистонга 521 миллион доллар миқдорида қарз берган.

Банк маълумотига кўра, маблағлар Ўзбекистонда банк сектори, кичик ва ўрта корхоналар, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари ривожига кўмаклашишга қаратилган 18 та лойиҳага йўналтирилган.

Хусусан, 220 миллион доллар миқдоридаги савдо-сотиқни молиялаштириш пакети Ўзбекистон Миллий банки, “Асака” банк, “Ипотека” банк ва Ўзсаноатқурилиш банкка тақдим этилган. Бу ўзбекистонлик экспортчи ва импортчиларга савдо-сотиқ ва мол етказиб беришда оғир бозор шартлари туфайли юзага келган узилишларни юмшатишда ёрдам берган. Хусусий кредитор бўлган “Ипак йўли” банки ҳам ЕТТБдан 5 миллион АҚШ доллари олган.

Ўзбекистонда ЯИМнинг 50 фоизини ташкил қилган ва ишчиларнинг 80 фоизини банд қилган кичик ва ўрта корхоналарга кредитлар ажратиш учун ЕТТБ “Асака” банк, Ипотека банк, “Ипак йўли” банк ва “Давр” банк қарийб 100 миллион доллар, Ўзсаноатқурилиш банкка эса 40 миллион доллар ажратган.

“Аёллар Марказий Осиё бизнесида” лойиҳаси доирасида халқаро Европа тикланиш ва тараққиёт банки “Ипотека” банк ва “Давр” банкка 12 миллион доллар миқдорида кредит берган.

Ўзбекистоннинг яшил энергетикага ўтишини дастаклаш мақсадида ЕТТБ Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга бўлган қуёш электр станцияси қурилишига кредит ажратган.

Бундан ташқари, банк Сурхондарё вилоятида сув таъминоти ва электр таъминоти инфратузилмасини янгилаш учун 150 миллион доллар миқдорида қарз ажратган.

ЕТТБ хусусий тармоқ лойиҳалари учун ҳам 55 миллион доллардан кўпроқ маблағ берган. Хусусан, Korzinka тармоғи учун ажратилган 40 миллион доллар, ўғит ишлаб чиқарувчи Indorama Kokand учун ажратилган 12,5 миллион доллар, тиббий анжомлари ишлаб чиқаридан “Healthline” учун ажратилган 2,8 миллион доллар шулар жумласидандир.

XS
SM
MD
LG