Ссылки доступа

АҚШ Қирғизистон фуқароларига виза чекловларини бекор қилди


АҚШ президенти Жо Байден Қирғизистон учун виза чекловлари тўғрисидаги президент баёнотини бекор қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонасида хабар берилди.

Таъкидланишича, 20 январь куни Президент Байден иммиграцион визалар ва грин-карталар берилишидаги чекловларни бекор қилган.

«Биз Қирғизистон ҳукумати сўнгги 12 ой ичида саёҳат хавфсизлигини сезиларли даражада яхшилаганини қадрлаймиз. Биометрик идентификация чипларини ўз ичига олган Қирғизистоннинг электрон паспортлари ишлаб чиқилган ва тайёргарликнинг сўнгги босқичида. Ушбу паспортлар Қирғизистон фуқароларига хавфсиз ва қулай саёҳат қилиш имкониятини беради. Шунингдек, Қирғизистон ҳукумати Интерпол билан ҳамкорликни яхшилаб, жиноятчилик ва терроризм тўғрисида маълумот алмашишни кучайтирди», — дейилади элчихонанинг баёнотида.

2020 йил 31 январда Қўшма Штатлар иммиграцион визалар ва грин-карталарга чекловлар киритди, бу эса қирғиз муҳожирларининг АҚШга киришини тўхтатиб қўйди. Маълум қилинишича, «Қўшма Штатлар Қирғизистон паспортларининг обрўси ҳамда уни расмийлаштириш жараёнидан хавотирда бўлган».

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Доналд Лу «бу виза беришга тўлиқ тақиқ эмас эканлигини ва уларни бериш сайёҳлар, ишбилармонлар, ишчилар ва талабалар учун давом этиши»ни маълум қилди. 2020 йил ноябрь ойида элчи АҚШ президент сайловларидан кейин Қирғизистон фуқароларига иммиграцион визаларни беришни қайта бошлаш масаласини кўриб чиқишини айтди.

Қирғизистон давлат рўйхатга олиш хизмати 2021 йилда биометрик фуқаролик паспортларини жорий этишни режалаштирмоқда.

XS
SM
MD
LG