Ссылки доступа

Мирзиёев Вашингтондаги инаугурация маросимидан бир кун ўтганидан сўнг Байденга табрик йўллади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Жозеф Байденга унинг давлат раҳбари лавозимига киришгани муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати 21 январь куни маълумот тарқатди.

Жо Байден шу йил 20 январида Вашингтондаги Капитолий биносида қасамёдга келтирилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Ўтган йилнинг 3 ноябрь куни ўтказилган АҚШ президенти сайловида демократлар номзоди Байден 51 та штат Сайловчилар коллегиялари ихтиёридаги 538 овоздан 306 тасини олган. Сайловдан бир неча кун ўтиб, аниқроғи, 8 ноябрга келиб Жо Байденни Ғарб мамлакатларининг кўплаб лидерлари, улар орасида Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистоннинг президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам қутлаган.

Байденнинг ғалабаси 14 декабрь куни сайловчилар коллегияси томонидан тасдиқланганидан ортидан унга ҳатто Россия президент Владимир Путин ҳам табрик телеграммаси йўллаган.

Бироқ Ш. Мирзиёев на ноябрь ойида, на декабрь ойида, на-да Байденнинг ғалабаси АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланган 6 январдан кейин ҳам уни билан табрикламаган эди.

Ўзбекистон президентининг Байденни лавозимга киришгунича нима учун табрикламагани сабаби маълум эмас. АҚШ президенти сайлови ўтганига бир ой тўлган кунда Озодликнинг “Ўзбекистон шу кунгача ҳам Байденни табрикламагани нима билан изоҳланади?” деган саволига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Мирзоҳид Эшонқулов: “Изоҳ йўқ”, деб жавоб берган.

XS
SM
MD
LG