Ссылки доступа

Қашқадарёлик ўқитувчилар: Ислом Каримов бюсти учун мажбуран пул йиғилмоқда


Бюст Ислама Каримова, изготовленный скульптором Жасвантом Анназаровым.

Қашқадарёлик ўқитувчилар марҳум президент Ислом Каримов бюсти учун ўзларидан пул йиғилаётганидан норозилик билдиришмоқда.

Чироқчилик бир гуруҳ ўқитувчилар марҳум президент Ислом Каримов бюсти учун улардан пул йиғилаётганидан шикоят қилиб, Озодликка боғланди.

“Биз ўқитувчилар номидан мурожаат қиляпмиз. Яқинда директор ҳокимликдан Ислом Каримов бюстини кўтариб келди. “Бюстнинг нархи 450 минг сўм экан, мактаб ходимларига бўлиб чиқсак, ҳар кимга 10 минг сўмдан тўғри келар экан. Ҳамма шу пулни берсин, кейин йиғилган пулни ҳокимиятга олиб борамиз”, деди директор. Ўзи пандемия даврида зўрға ўтирган бўлсак, биздан яна мажбуран пул йиғишяпти. Йиғ-йиғлар жонимиздан ўтиб кетди”, дейилади чироқчилик ўқитувчилар мурожаатида.

Чироқчи туманидаги бир қанча мактабнинг директорлари билан ҳам ўқитувчилар даъвосини тасдиқлашди.

“Бир ҳафтача аввал Яссавий қишлоғидаги 10 та мактаб директорини 120-мактабга чақиришди. Борсак, ҳокимликдан биттаси Дамасда келиб, ҳаммамизга биттадан Ислом Каримов бюстини берди. Ўша пайтда ойликларимиз ҳали тушмаган эди. “Пулини ҳозир бера олмаймиз”, дедик. Кейин ҳаммамизга бюст бериб, тилхат ёздириб олишди. “Ҳақиқатан ҳам биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг бюстини олдик. Унинг жавобгарлигини ўз бўйнимизга оламиз. Бюстни маънавият хонасига қўямиз” деб ёздик. Ҳозир пулини йиғяпмиз. 100 минг сўмча қолди. Йиғиб бўлишимиз билан ҳокимиятга олиб бориб берамиз”, - деди исмини очиқламаётганимиз мактаб директори.

Бошқа бир мактабнинг директори Каримов бюсти учун пул йиғишга мажбурлигини айтиб, йиғ-йиғлар унинг ҳам жонига теккани айтди.

“Ўқитувчилар биздан хафа бўлишади. Ҳозир мен 450 минг сўмни чўнтагимдан тўлашим керакми? Мен ҳам мажбурман ўқитувчиларга “пул бер” дейишга. Бир РайОНО, бир ҳокимлик учун пул йиғилади. Мактабга ҳар-хил нарсалар олиш кераклигини айтишади. Директорлар нима қилсин, биз ҳам ойликка қараб қолганмиз”, - деди аноним қолиш истагини билдирган Чироқчидаги мактаб директорларидан бири.

Чироқчи туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган ходими Каримов бюстларини тарқатиш буйруғи вилоят ҳокимлигидан берилганини айтди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мулозими ўқитувчиларнинг Каримов бюсти учун пул йиғаётгани ҳақидаги даъволарини рад қилишга уринди.

“Биринчидан, биринчи президентимиз бюстларини тарқатиш вилоят халқ таълими билан келишилган ҳолда амалга ошириляпти. Вилоятдаги намунали мактаблар танлаб олиниб, уларга ҳомийлар ёрдамида шу бюстлар сотиб олиб бериляпти. Ўқитувчилардан пул йиғиш тақиқланганку, бу ишни қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу мутлақо ҳомийлар ҳисобига амалга оширилиши керак. Сизда нотўғри информация бор”, - деди ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозими.

Мақола Озодликда чоп этилгандан сўнг Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг бюстини сотиб олиш учун ўқитувчилардан пул йиғилганлиги ҳақидаги хабарнинг расмий раддиясини эълон қилди.

Вилоят ХТБ ўз баёнотида Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш учун 200 та бюст олганини тасдиқлади.

Баёнотда айтилишича, ушбу бюстлар хозирда бошқармада сақланмоқда. Улар учун маблаг ҳомийлардан ёки бюджетдан ташқари манбалардан келиб тушиши керак.

5 та туманда (Чироқчи, Муборак, Қарши, Косон ва Деҳқонобод) бюстлар мактабларга топширилди, бу мактаблар директорлари ўзлари бюстларга тўловни мустақил ўтказиб бериш ташаббусини кўрсатдилар, деб таъкидлади вилоят халқ таълими бошқармаси.

Тошкентдаги “Темир воҳаси” корхонаси бошлиғи Толиб Пўлатов Озодлик билан суҳбатда Ислом Каримов бюстларидан 400 дона Қашқадарёга олиб борганини айтди:

“Қашқадарёга жами 400та олиб бориб бердим. Улардан 200та турли бюджет ташкилотлари учун, 200таси мактаблар учун. Мен шахсан бориб, Зоир Тоирович билан гаплашдим. Ислом Каримов бюстини қўйишга лойиқ бўлган мактабларга тарқатиш режаланди. Маънавият хоналарида Ислом Каримов бурчаги ташкил қилинадиган бўлди”.

Он сказал, что категорически не согласен с тем, чтобы деньги на эти бюсты собирали со школьных учителей.

Толиб Пўлатов бюстлар учун ўқитувчилардан пул йиғилаётганини қоралашини айтди:

“Бу мажбурий эмас. Агар ўзларинга маъқул тушса, Ислом Каримовга нисбатан ҳурматларинг бўлса, олинглар, дедик. Пул йиғаётгани нотўғри. Биз бунга келишмаганмиз ҳокимият билан. Улар ҳомийлар ҳисобига қиламиз, дейишган. Кимнидир мажбурлаш бўлмасин, деганмиз. Бу халқ таълимининг айби”.

Толиб Пўлатов берган маълумотга кўра, Ислом Каримов бюстларини ишлаб чиқариш 2019 йилда бошланган, ҳозиргача 1500 бюст ишлаб чиқарилиб, Қашқадарёдан ташқари Фарғонадаги мактаб ва ташкилотларга ҳам тарқатилган.

Пўлатов “Каримов бюстларини бутун мамлакат бўйлаб тарқатиш режалангани"ни айтди.

XS
SM
MD
LG