Ссылки доступа

Бишкекда коронавирусдан вафот этган беморларнинг қариндошлари пикетга чиқишди


25 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида коронавирусдан вафот этганларнинг қариндошлари пикет уюштиришди. Улар бош пульмонолог Талантбек Сооронбоев ва вазир ўринбосари Мадамин Каратаевни ишдан бўшатишни талаб қилмоқдалар.

Пикет ташкилотчиларидан бири, «Биз ҳақиқат тарафдоримиз» ҳаракати аъзоси Ырыскан Зулпукарова билан суҳбатда тиббиёт соҳасида люстрация қилишни талаб қилишларини айтди.

«Биз тиббиётда ўз халқини севадиган етакчилар бўлишини истаймиз. Коронавирусни даволашнинг учинчи протоколини яширган раҳбарлар, улар орасида Каратаев ҳам бор ва кўпларнинг исмларини бизга айтишмади. Улар қора рўйхатда бўлиши керак. Биз люстрацияни талаб қиламиз, бундай одамлар раҳбариятда бўлмаслиги керак», — деди Зулпукарова.

Расмий маълумотларга кўра, пандемия пайтида 1 401 киши коронавирус инфекцияси натижасида вафот этган. Бироқ, яқинда пандемия даврида давлат идоралари фаолиятини ўрганиш бўйича идоралараро комиссия COVID-19 дан ўлганлар сони расмий статистик маълумотларга қараганда бир неча баравар кўп бўлиши мумкинлигини эълон қилди. Бош вазир ўринбосари Элвира Сурабалдиеванинг айтишича, аслида бу кўрсаткич 4 мингдан ошади.

Ҳукумат матбуот хизматида хабар қилинганидек, ишчи комиссия нафақат COVID-19 дан вафот этганлар сонидаги тафовутларни, балки коронавирус инфекциясини даволаш протоколларининг ўз вақтида қабул қилинмаганлиги, гуманитар ёрдамни самарасиз ҳисобга олиш ва тарқатишни ҳам аниқлади. Идоралараро ишчи комиссиянинг ушбу хулосалари Хавфсизлик Кенгаши кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

XS
SM
MD
LG