Ссылки доступа

Навальний тарафдорлари 31 январь куни “Россиянинг барча шаҳарларида” митинг уюштирмоқчи


Мухолифатчи Алексей Навальний минтақавий штаблари тармоғининг раҳбари Леонид Волков Твиттердаги ўз саҳифасида ҳибсхонада сақланаётган сиёсатчини дастаклаш учун “Россиянинг барча шаҳарларида” янги акциялар ўтказилиши ҳақида эълон қилди.

Волковга кўра, митинглар 31 январь куни соат 12:00 га белгиланган.

“Нима учун 31 январь? Чунки 2 февраль куни Алексейнинг суди бўлади. Судга яқин талабимиз кучлироқ жаранглаши мумкин. Москвада эса, албатта, 2 февраль куни ҳам судга келиш керак”, деб ёзган Волков штаблар бор шаҳарларда одамларга йўналишлар берилиши, штаб йўқ шаҳарларда эса бориладиган жойлар мувофиқлаштирилишини билдирган. Волков акциялар ўтказилиши ҳақида расмийларга ариза топширилиш-топширилмаслиги тўғрисида маълумот берган эмас.

Шу йил 23 январь куни Россия бўйлаб Навальний ҳимояси учун ўтказилган норозилик акцияларида 100 мингдан зиёд одам қатнашган. Навальний штаблари вакиллари намойишларда 250 минг киши иштирок этганини иддао қилган. Акциялар Россиянинг 100 дан зиёд шаҳрида ўтказилган.

Норозилик чиқишлари чоғида 3,5 чоғли одам тутиб кетилган – бу эса Россиянинг энг янги тарихи учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. “ОВД-Инфо” маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида 195 нафар вояга етмаган бола бор.

XS
SM
MD
LG