Ссылки доступа

Газ-свет: Мирзиёевнинг Жиззахга сафари арафасида йўл тўсганлар жазоланди


Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига сафар қилган 11 январь куни газ ва электр йўқлигидан норозилик билдириб, йўл тўсган намойишчиларнинг бир гуруҳи судланди.

Норозиликка чиққанлардан 9 нафари судланган, улардан 5 нафари 5 суткага қамалган, 4 нафарига огоҳлантириш берилган.

Қамалган навбаҳорликлар иддаосига кўра, қамоқда уларга босим қилиниб, таҳқирлашган.

Жиззах вилоят ИИБ навбаҳорликлар даъвосини рад қилиб, уларга нисбатан “ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳеч қандай руҳий тазйиқ ёки жисмоний куч ишлатилмаган”ини иддао қилди.

11 январь куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғинида (МФЙ) яшовчилар энергетик тақчилликка норозилик билдириб, Навбаҳор-Учтепа-Жиззах йўлини тўсиб қўйганди.

Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда Пахтакор туман ҳокими норозилар билан учрашган ва ўша куниёқ аҳолига арзон нархда кўмир етказиб берилган эди.

Ҳодиса қишки таътилдан қайтган президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига сафар қилган кунга тўғри келган.

Президентнинг Жиззахга сафари куни газ сўраб, йўл тўсган норози аҳоли вакиллари устидан иккита суд жараёни бўлиб ўтган.

Судларнинг бири 12 январда, иккинчиси 17 январда бўлган. Иккала судда жами 9 киши судланган.

Судланган навбаҳорликлардан бири судга оид тафсилотларни сўзлаб берди.

Аноним қолишни сўраган навбаҳорлик йигитга кўра, биринчи судда фақат эркаклар судланган:

“Бизни норозиликка чиққан кунимизнинг ўзида туман ИИБсига чақириб, тушунтириш хати олишди. Эртасига эрталаб мени ва яна 4 маҳалладошимни мажбурлаб, машинага босиб, ИИБга олиб келишди. Эрталаб соат 10дан кечгача оч ўтирдик. Аввал ИИБда сўроқ қилиб, кечки соат 6ларда бизни судга олиб боришди. Судда на адвокат, на прокурор бор эди. Судя ва унинг котиби ҳамда бизни олиб борган ИИБ ходимлари бор эди холос”.

Судга оид ҳужжатларга кўра, беш судланувчининг ҳаммаси Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор деб топилган - ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ва йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш.

Судланган йигитга кўра, суд ярим соатча бўлган ва бешовлон 5 суткага қамалган:

Адвокатсиз судланганини айтган навбаҳорлик аёлнинг айтишича, беш йигит қамоқдан қайтган куни тўрт аёл 201-моддада айбланиб судланган.

Судланган йигитлар уларга қамоқда пайти куч қўлланганини иддао қилди. Судланган бошқа тўрт йигитнинг яқинларига кўра, уларга ҳам қамоқхонада босим бўлган.

“Йигитларни уришган. Улар қамоқдан чиққач, газ келмасин илойим, майли совуқда ўлиб кетайлик, бошқа норозилик билдириб, кўчага чиқмаймиз, деб йиғлашди. Уларни ичкарида жуда эзишибди”,- деди исмини очиқламаётганимиз навбаҳорлик.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудида энергетика инқирози давом этмоқда. Ҳукумат бу инқироздан чиқиш борасида аниқ режани эълон қилганича йўқ. Мутасаддилар норози аҳолини кўмир тарқатиш ёки бошқа вақтинчалик чора ҳамда турли ваъдалар билан тинчлантирмоқда.

XS
SM
MD
LG