Ссылки доступа

Қирғизистон ИИВ собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳибсга олинди


Ички ишлар вазирлигининг тергов хизмати ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асановни ҳибсга олди. Бу ҳақд унинг адвокати Икромидин Айтқулов маълум қилди.

У Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 245-моддаси («Бино ва иншоотларни тортиб олиш») билан айбланмоқда.

«Курсан Асанов 26 январь куни ҳибсга олинган ва Бишкек полиция бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган», — деди адвокат.

Ички ишлар вазирлиги ҳанузгача Асановнинг ҳибсга олинганлиги тўғрисида расмий маълумот тарқатмади. Аввалроқ у 26 январь куни сўроққа чақирилгани ҳақида хабар берилган эди.

2020 йил октябрь ойида Курсан Асанов 5-9 октябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар иши доирасида ҳибсга олинган ва суд қарорига биноан ноябрь ойида уй қамоғига чиқарилган.

Шундан сўнг, у 2021 йил 10 январда бўлиб ўтган муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловларида қатнашди ва 0,5 фоиз овоз олди.

2020 йил октябридаги тартибсизликлар пайтида Курсан Асанов ички ишлар вазири Кашкар Жунашалиев иш жойини тарк этганини ва у комендант вазифасини ўз зиммасига олганини айтди. Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги қонунга биноан унинг ўринбосари Ички ишлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажариши кераклиги ва Асановни бўлимдан олиб чиқиб кетишгани ҳақида хабар берди.

Курсан Асанов 2019 йил 13 августда Кой-Тош воқеалари пайтида «қирғиз полицияси манфаатларига хиёнат қилгани ва ишончни йўқотгани» учун лавозимидан четлаштирилди. Кейинчалик, ҳарбий прокуратура Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш» моддаси билан жиноий иш қўзғатди ва 2019 йил 27 августда у уй қамоғига олинган.

XS
SM
MD
LG