Ссылки доступа

Германия суди тожикистонликни терроризмда айбланиб 7 йилга озодликдан маҳрум қилди


26 январь куни Дюсселдорф Ер Олий суди Тожикистон фуқаросини «ИШИД» террорчилик ташкилотига аъзоликда айбланиб 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Associated Press агентлиги терговга асосланиб хабар беришича, 31 ёшли Вупперталдан бўлган Равшан Б. Германия ва Албанияда террористик ва бошқа ҳужумларни режалаштирган, улар таркибига тожикистонликлар ҳам киритилган.

Маҳкум ва унинг адвокатининг ҳукмга бўлган муносабати ҳозирча мавжуд эмас.

Германиянинг DPA агентлиги хабарига кўра, Тожикистон фуқароси, ҳукм чиқарилишидан олдин, ўз айбини қисман тан олган ва қилмишидан тавба қилганини айтган. Прокурор уни 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Германия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Равшан Б. 2019 йил март ойида ҳибсга олингани ҳақида хабар беришди. Бир йил ўтгач, 2020 йил апрель ойида, терговга кўра, мамлакатнинг ғарбий қисмида жойлашган Шимолий Рейн-Вестфалия минтақасининг бир нечта шаҳарларида — Эссен, Зиген, Нойс ва бошқа шаҳарларда терактлар уюштиришни режалаштирган тўрт тожикистонлик ҳибсга олинган.

Германияда яшовчи тожикистонликлар, Равшан Б. билан таниш бўлганлар фақатгина унинг Душанбедан эканлигини, илгари Россияда ишлаб, у ердан Германияга кўчиб ўтганлигини айтишган.

Немис оммавий ахборот воситалари маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига асосланиб, Равшан Б. Сурия ва Афғонистондаги ташкилотнинг юқори мартабали амалдорлари билан алоқаларни давом эттиргани ва ҳибсга олинган тожикистонликлар унинг кўрсатмаси билан Германиядаги АҚШ армиясининг объектларига ҳужумларни режалаштираётгани ҳақида хабар беришди. Шунингдек, Равшан Б.нинг телефони бошқа бир алоқа гуруҳига боғланган бўлиб, фойдаланувчиларга газ босими регулятори ва пайвандлаш учун елим каби икки томонлама компонентларга буюртма бериш орқали мобил бомбаларини қандай тайёрлашни маслаҳат берган.

2020 йил 17 апрелда Германиянинг нуфузли Der Spiegel газетаси веб-сайтида ҳибсга олинган тожикистонликлар тергов қилинган ишининг баъзи бошқа тафсилотлари чоп этилди. Материалда айтилишича, Равшан Б. 2019 йил январь ойида Швеция рақами билан телефонда гаплашадиган номаълум шахсдан, Албаниядаги тадбиркорлардан бирини ўлдириш тўғрисида буйруқ олган. Ушбу қотиллик учун Германиядаги бошпана изловчи 40 минг доллар олди ва Албанияга жўнаб кетди, лекин у ерда у муаммога дуч келади: у тахмин қилинган жабрланувчини шахсини аниқлай олмайди.

Der Spiegeleнинг ёзишича, Равшан Б. олинган пулларнинг ярмини ИШИДдаги «қуролли укаларига» ўтказмоқчи, қолганлари эса «катта режаларни» амалга ошириш учун «эҳтимол ўзи ва шерикларига сарф қилмоқчи» бўлган. Немис нашри 20 кишидан иборат махсус тузилган тергов гуруҳи барча тўпланган материалларни ўрганиб чиқиб, Равшан Б.нинг яна тўрт шериги ҳибсга олиниши керак деган хулосага келганини таъкидламоқда.

2015 йилда Тожикистонда мухолифат ҳаракати «Гуруҳ 24» ва Исломий Уйғониш партиясининг тақиқидан сўнг, мамлакатнинг юзлаб фуқаролари Европа Иттифоқи давлатларига, шу жумладан Германияга кўчиб ўтдилар.

XS
SM
MD
LG