Ҳокимлар таътил чоғида муолажани бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошираётганига давлат харидлари порталини кузатиб бораётган davletovuz Телеграм-канали эътибор қаратган.
“Масалан, Уйчи туман ҳокими М.П.Апаковнинг “Чинобод Плаза Санаторийси”да 10 кунлик даволаниши 7 млн 361 минг 660 сўмга тушган. Бундай йўлланмаларни Учқудуқ тумани ҳокимлиги ва бошқа қатор ҳокимликлар ҳам олган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши эса 4 та худди шундай йўлланма олган”, дея қайд этган davletovuz.
Ҳокимларнинг босқичма-босқич қисқа муддатли таътилга чиқаётгани ҳақида аввалроқ маҳаллий матбуот хабар қилганди.
Ўзбекистонда вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари даволаниш учун пойтахтга келаётгани ижтимоий тармоқда эътирозларга сабаб бўлгани ҳақида аввал хабар қилинган.
Хусусан, шифокор блогер Фазлиддин Мўминов Телеграмдаги ўз саҳифасида мазкур ҳолатга муносабат билдираркан: “Қашқадарёдан туман ва шаҳар ҳокимлари тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш учун Тошкентга қараб келаётган экан. Нега Қашқадарёни ўзида тиббий текширувлардан ўтиб, даволана қолишмади экан-а? Жон ширин дейсизми? Ҳа унда вилоятдаги миллионлаб аҳолининг жони аччиқми? Қайси ариқда сув тиниқроқ бўлса ўшанга қараб чопгандан кўра, ўз ариғини тиниқлаштириш йўлини топиши керак эмасми мироб деганлари?” деб ёзган эди.
Давлат харидлари порталидаги маълумотлардан келиб чиқилса, ҳокимлар вилоятлардаги оддий солиқ тўловчилар қатнаётган тиббий муассасаларда даволанишдан бош тортибгина қолмай, хос шифохоналардаги муолажаси учун ҳам ўша солиқ тўловчилар пулини сарфлаётгани аёнлашади.