Ссылки доступа

Суд Ортиқхўжаевнинг 6 гектар ерни президент куëвига алоқадор компанияга бериш қарорини ноқонуний деб топди


27 январь куни Чилонзор туман маъмурий суди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2018 ва 2019 йилда чиқарган икки қарорини ноқонуний деб топди.

Бу қарорлар билан юзлаб тадбиркорнинг савдо ва хизмат кўрсатиш муассасалари жойлашган Юнусобод туманидаги 6 гектарлик ҳудуд аввалига “давлат эҳтиëжи учун” деган иддао билан шаҳар ер заҳирасига ўтказилган.

Кейинроқ, 2019 йилнинг 31 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокими уни хусусий Urban Developers МЖЧга бериш ҳақидаги қарорни имзолаган эди.

Биринчи инстанция суди ҳоким Ортиқхўжаевнинг юзлаб тадбиркор ишлаб келаëтган ҳудудни “давлат ва жамоатчилик улуши” умуман бўлмаган хусусий компанияга мулкдорлар розилигисиз олиб беришини Ўзбекистон қонунчилигига зид, деб топди.

Мазкур ҳудуддаги йирик савдо объектлари мулкдорларидан 6 нафари ўзи ва ўзи билан ижара шартномаси асосида ишлаб келаëтган юзлаб тадбиркор номидан Тошкент шаҳар ҳокими қарорини бекор қилишни сўраб, 2020 йил августида биринчи инстанция судига мурожаат қилган эди.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар Тошкент ҳокимининг Янги йил кунги махсус сийловига лойиқ кўрилган Urban Developers МЖЧнинг президент Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсуновга алоқадорлигини кўрсатди.

Айни пайтда Юнусободдаги 6 гектарлик ерда бир неча миллион долларлик савдо мажмуаси қуришни иддао қилган бу компаниянинг ягона хизматчиси ва директори Ансор Набераев Озодликка берган баëнотларида президентнинг тўнғич куёви билан алоқаларни рад этиб келмоқда.

27 январь кунги суд мажлисида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Юнусободдаги 6 гектар ерни мулкдорлардан олиб¸ Urban Developers МЧЖга беришга оид икки қарори ва Юнусобод туман ҳокимининг мазкур қарорлар асосида чиқарилган қарорини Ўзбекистон қонунчилигига зид, деб топди.

Тадбиркорларга кўра¸ Чилонзор туман прокуратураси вакили Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг президент қарорига асослангани¸ президент қарорлари эса, кучда қолаëтгани боиc Ортиқхўжаев қарорини бекор қилиб бўлмаслигини иддао қилган.

Айтилишича¸ суд Urban Developers МЧЖга берилган 6 гектарлик ҳудудда жойлашган савдо ва бошқа хизмат муассасалари мулкдоридан судга расман ариза берган 7 нафари баробарида¸ яна 38 мулкдорнинг Ортиқхўжаев қарорини бекор қилиш сўралган аризасини ҳам расман кўриб чиққан.

Urban Developers МЧЖ Жаҳонгир Ортиқхўжаев Юнусободдаги 6 гектарлик қимматбаҳо ҳудудни 2019 йилнинг 31 декабри - расман байрам кунида унга беришидан атиги бир ой олдин рўйхатга олинган.

Унинг 97 фоиз акциялари эгаси деб кўрсатилган Odoratus Business LLP 100 фунт стерлинг (тақрибан 125 АҚШ доллари) билан Буюк Британиянинг Бристол шаҳрида қайддан ўтган.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар Urban Developers МЧЖнинг турли қобиқ ширкатлар орқали Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсуновга алоқадорлигини кўрсатмоқда.

Urban Developers МЧЖ офшор ва Ўзбекистонда рўйхатга олинган қобиқ компаниялар орқали президентнинг катта куëви Ойбек Турсуновга алоқадор.

Бу алоқадорлик расмий ҳужжатлар воситасида тасдиқланган бўлса-да¸ Urban Developers МЧЖ раҳбари ва реестр маълумотларига кўра, ширкатнинг ягона ходими Ансор Набераев Озодликка юборган ëзма жавобида уни рад қилди.

XS
SM
MD
LG