Ссылки доступа

Жиззахда олтин изловчиларни тупроқ босиб қолди: 2 киши ўлди, яна 2 одам шифохонада


26 январь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Авлиё қишлоғидаги ташландиқ конда ноқонуний равишда олтин излаш билан шуғулланган 4 йигитни тупроқ босиб қолди.

Олтин изловчилардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, икки киши касалхонага ётқизилган, улардан бирининг аҳволи оғир экани айтилди.

Ҳодиса юзасидан туман прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Ҳодиса 26 январь куни кечқурин Ғаллаорол туманидаги Авлиё ҚФЙ ҳудудида жойлашган “Саъд ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи яқинидаги тепаликда содир бўлган.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, ўнга яқин йигит тепаликка олтин излаб борган пайти улардан тўрт нафарини тупроқ босиб қолган.

“У ерда аввал геологлар қазган ташландиқ конлар бор. Қишлоқдаги йигитлар ўша жойга бориб олтин излашади. Ўша куни тупроқ ўпирилиб, тўрт йигит унинг тагида қолиб кетган. Шериклари уларни қутқаришга ҳаракат қилган ҳамда ёрдам сўраб қишлоққа хабар беришган. Кўпчилик бўлиб, уларни ковлаб олишган. Мен уларни Тез ёрдам машинасига ортаётган пайти кўрдим”,- деди Авлиё қишлоғида яшовчи йигит аноним қолиш истагида.

Ғаллаорол туман марказий шифохонасидан олинган маълумотга кўра, тупроқ тагида қолган тўрт йигитнинг иккитаси касалхонага ўлик ҳолда келтирилган.

“Иккитаси ўлик ҳолда келган ва сразу моргга ўтказилган. Яна иккитаси касалхонага ётқизилган. Улардан бирининг қўл ва оёқлари синган экан, у операция қилинган. У ҳозир реанимация бўлимида ётибди, аҳволи жиддий. Иккинчиси режали жарроҳлик бўлимига ётқизилган, унинг боши ёрилган, аҳволи қониқарли, жароҳати жиддий эмас”, - деди касалхона ходимларидан бири.

Унинг айтишича, 26 январь кунги ходиса бўйича Ғаллаорол туман прокуратураси ва туман ИИБси суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Авлиё қишлоғида яшовчи бир қариянинг айтишича, ишсизлик сабаб қишлоқ аҳли ноқонуний ишларга ҳам қўл уришга мажбур бўляпти:

“Тепаликда олтин излаганларни ушлаб, штраф қилгач, болалар у ерга бормай қўйганди. Бироқ пандемия сабаб ҳамма ишсиз қолиб, молиявий етишмовчилик кучайди. Шунга болалар мажбурликда яна олтин излашга чиққан”.

XS
SM
MD
LG