Ссылки доступа

Мирзиёевнинг маънавиятга бағишланган йиғилишидан сўнг яна бир турк сериали эфирдан олинди


"Қанотсиз қушлар" сериали Sevimli TV эфиридан олиб ташланди

Sevimli TV канали Туркиянинг бир ярим йилдан бери намойиш қилиб келинган “Қанотсиз қушлар” сериали намойишини тўхтатиб қўйди.

19 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган селектор мажлисида баъзи телеканаллар эфир сеткасида хорижий кино ва сериалларнинг улуши кўпроқ экани танқид қилинганди. Йиғилишда "маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш" ҳақида сўз борган.

Sevimli TV кино таҳририяти ходимининг айтишича, ана шу мажлисда айтилган танқидлардан сўнг, канал эфир сеткаси тубдан ўзгартирилиб, хорижий сериаллар ўрнини миллий сериаллар билан тўлдиришга киришилган.

"Sevimli TV канали “Қанотсиз қушлар” (Kanatsiz kuşlar) турк сериали намойишини 29 январдан тўхтатишини эълон қилди. Ушбу сериал Sevimli TV канали орқали 2019 йилнинг июнидан бери намойиш қилиб келинаётган эди. Бир ярим йил ичида ўзбек томошабинлари сериалнинг 91 қисмини томоша қилишга улгурди.

Sevimli TV канали Инстаграм саҳифасида "Қанотсиз қушлар" эфирдан олингани ҳақидаги хабар остидаги изоҳлардан сериални эфирдан олиш қарори аксар томошабинларнинг ҳафсаласини пир қилганини кўриш мумкин.

"Охирига етиб қолганда, бирданига тўхтатиб қўйиши бизга ёқмаяпти. Менинг бувижоним билан бобожоним шу сериалнинг вақтини билиб, телевизор олдига ўтириб олардилар, ҳозир сериал бошланади, деб. Шу кексаларнинг ҳурмати учун ҳам охиригача кўрсатишса бўларди. "Истанбуллик келин"да ҳам шундай бўлганди", - деб ёзди томошабинлардан бири.

Sevimli TV каналининг ўзини таништирмаган ходими сериал намойиши тўхтатилишини “эфир сеткасини янгилаш” билан изоҳлади.

“Ўзимизнинг ўзбек сериалларига кўпроқ ўрин бериладиган бўлди. Шу сабаб ҳозир “Қанотсиз қушларга”га сеткада жой йўқолиб қолди. Лекин томошабинларимиз бу фильмни Интернетда томоша қилишлари мумкин", -деди телеканал ходими.

Ўзбекистон телеканалларида турк сериалларининг эфирдан олиб ташланиши биринчи марта содир бўлаётгани йўқ.

Ўтган йил ёзида "Пойтахт Абдулҳамид" тарихий сериалининг эфирдан олиниши томошабинлар норозилигига сабаб бўлган эди. Бундан олдин Sevimli TV канали "тепадан келган кўрсатма бўйича" “Чуқур” турк сериали намойишини тўхтатиб қўйган. Cериалда жанговар саҳналар кўплиги унинг тўхтатилишига сабаб бўлгани айтилганди.

Бир йил аввал эса, ZO’R TV канали турк киноижодкорлари суратга олган “Севги изтироби” сериали намойишини тўхтатди.

Ўтмишда турк сериалларига тақиқ Ислом Каримов бошқарувининг Туркия билан мураккаб муносабатлари билан тушунтирилган.

XS
SM
MD
LG