Ссылки доступа

Туркия ва Озарбайжон Арманистон билан чегара яқинида қўшма машқлар ўтказмоқда


Туркия ва Озарбайжон Туркиянинг Арманистон билан чегарадош шарқий ҳудудида 1 февралдан қўшма машқлар ўтказа бошлаган.

“Қиш-2021” деб номланган ва 12 февраль куни якунига етадиган машқлар Анқара Тоғли Қорабоғ атрофида олти ҳафта давом этган урушда Бокуни дастаклаганидан кейин туркий тилли бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг янада теранлашгани нишонаси ўлароқ кўрилмоқда.

Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотида ҳарбий машқлар қиш шароитида хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилгани айтилган. Вазирликнинг Twitter микроблогидаги саҳифаси орқали ёйинланган видеода икки вертолёт Қарс қалъаси узра қадалган турк байроғи шарафига салют отаётгани акс этган.

Шу йил 30 январь куни Тоғли Қорабоғдаги оташкесим тартибини кузатиш бўйича Туркия-Россия маркази Озарбайжон ҳудудида амалиётлар бошлаган, бунинг натижасида Анқаранинг Жанубий Кавказдаги мавқеи ошгани айтилмоқда.

Урушаётган томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим ўтган йил 9 ноябрида Москва воситачилигида имзоланганди. Битим шартларига кўра, Арманистон Тоғли Қорабоғнинг бир қисми ҳамда Озарбайжонга қараган етти туман устидан назоратни Боку тасарруфига топширган. Бу жойлар 1990-йиллардан бери Арманистон назорати остида бўлиб келганди.

XS
SM
MD
LG