Ссылки доступа

Мирзиёев ёшларни ДХХга топширди. Партия тузмоқчи бўлган талаба устидан суд бошланмоқда


Президент Мирзиёев ўтган ҳафтада "ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш" вазифасини Давлат хавфсизлик хизматига юклади.

27 январда президент Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг дастлабки хабарида ёшлар муаммоларини ҳал қилишга ҳокимлар ўринбосарлари, солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари масъул эканлиги белгилаб қўйилгани айтилди.

Йиғилишдан ёзиб олинган ва Кун.уз нашри эълон қилган видеода президент Мирзиёевнинг «Билдирилган таклиф ва истаклар асосида туман ва шаҳарлар кесимида ёшлар дастурлари тасдиқланди. Ушбу дастурларнинг ижроси ҳамда ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига юклатилди», деганини эшитиш мумкин.

“Президентнинг қайд этишича, вазифанинг муҳимлиги инобатга олиниб, ДХХ ёшлар муаммолари бўйича режаларнинг жойларда амалга оширилишини назорат қилади. Бу режалар бажарилишига кўмаклашади ва лозим пайтда масъулларга бажартиради ҳам”, деб хабар қилди нашр.

Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ КГБ-таҳр.) нинг 25 йилдан бери истеъфодаги полковниги Маҳмуджон Йўлдошев Озодлик саволларига жавоб бераркан, махсус хизматга ёшлар билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш топширилганини “тушунмаганини” яширмади.

"Махсус хизматларнинг ёшлар билан шуғулланиши бу идоранинг на Низомига ва на қонунга тўғри келади. Бир вақтлар, бундан 100 йиллар олдин Ленин ЧК (Чрезвичайная комиссия – Фавқулодда комиссия – КГБнинг дастлабки номи) бошлиғи Дзержинскийга қаровсиз болалар билан шуғулланишни топширган. Ҳозир Ўзбекистонда ўтган асрнинг 20- йилларидагидай эмас аҳвол. ДХХнинг қонунда белгилаб қўйилган вазифалари бор. Улар орасида алоҳида ёшлар муаммолари билан шуғулланиш вазифаси йўқ", - деди ДХХнинг истеъфодаги полковниги Маҳмуджон Йўлдошев.

YouTube даги “Кўзгу” кўрсатуви муаллифи, 30 яшар Абдуқодир Мўминов сиёсий мавзуларни ёритиб келаётган блогер, ёшлар муаммоларини ўрганиш ДХХга топширилиши самара беришига шубҳа билан қараётганини билдириб, ўзи билан боғлиқ воқеани айтиб берди:

“Ўтган йили Ахборот хизмати очмоқчи бўлиб, шу йўналишда иш бошлаб турувдим, Президент администрациясидан телефон қилиб қолишди. Биздан қандай ёрдам керак, деб сўрашди. Фирмамнинг фаолиятини юритишим учун машина, оргтехника олишга 200-300 миллион сўм кредит керак, дедим. Ёрдам берамиз, дейишди. Лекин ҳалигача ҳеч нарса бўлмади”.

XS
SM
MD
LG