Ссылки доступа

Афсонавий ўзбек раққосаси пандемия даврида америкаликларни "Лазги"га ўйнатмоқда (видео)


Қадимий "Лазги" рақси ҳақидаги китоб муаллифи¸олима ва раққоса, Ўзбекистон халқ артисти 74 яшар Гавҳар Матëқубова Америкадаги талабаларга хореографиядан онлайн дарслар ўтмоқда. Матëқубованинг раққоса шогирдлари дарсларни инглизчага таржима қилиб, видеокамера ëрдамида кўрсатиб бермоқда.

Матëқубованинг Озодликка айтишича¸ АҚШ ва Японияда яшайдиган санъатсевар талабалар "Хоразм лазги"сини ўрганамиз, деган таклиф билан чиқишган. "Мана, бир неча ойдан бери дарс бермоқдаман", - дейди раққоса.

Исломдан олдинги Хоразм давлатида яралган қадимий рақс бўлган "Лазги" ЮНЕСКО ташкилотининг Жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Бугун уммон оша рақсдан сабоқ бераëтган Гавҳар Матëқубова "Лазги" рақсини 1967 йилда "Комилжон Отаниëзов куйлайди" фильмида ижро қилиб, бир кунда Марказий Осиëнинг рақс юлдузига айланган эди.

Гавҳар Матëқубова ўзи рақсга тушган "Лазги" ҳақида илмий иш ëзиб, олимлик унвони олган Ўзбекистондаги ягона раққоса.

1993 йилда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида унинг “Офатижон Лазги” китоби нашр қилинган.

АҚШда илк Ўзбек рақс дастасини тузган Лоурель Виктория Грей Гавҳар Матëқубовани ўзига устоз деб билади.

"Лазги" Исломдан олдинги даврдан бизнинг кунларгача етиб келган кўҳна ритуал намунаси. Мутахассисларга кўра, уч қисмдан иборат бу композиция тирилиш¸ куч-қудратга тўлиш ва ўлимни акс эттиради.

Эскидан "Лазги"лар, асосан чолғуларда чалинадиган рақс куйлари бўлиб¸ уларга сўз басталаб, ўқилмаган. Аммо ХХ-асрнинг 30-йилларига келиб¸ халқ шеърларига солиб куйлангани кузатилади.

Бугунги кунгача "Лазги" рақсининг тўққизга яқин тури етиб келган.

"Лазги" Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов рақсга тушган қадимий хореографик композиция ҳамдир.

"Лазги"-янгиланиш¸ тирилиш¸ фалаж танага жон ато қилганини акс эттиради. Каримов ўлимидан кейин “тирила бошлаган янги Ўзбекистон” йўлбошчиси Хоразмда "Лазги" академияси ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди.

2020 йилнинг март ойида Шавкат Мирзиëев Хоразмда "Лазги" бўйича халқаро фестиваль ўтказишни таклиф этган эди.

XS
SM
MD
LG