Ссылки доступа

Болалар омбудсмани: Тожикистонда педофилларни кимёвий кастрация қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда


Тожикистон болалар омбудсмани Ражабмо Хабибуллозоданинг айтишича, ишчи гуруҳ вояга етмаганларга нисбатан жинсий тажовуз учун жазони кучайтириш масаласини кўриб чиқмоқда.

“Педофилларга кимёвий кастрация шаклида жазо бериладими?» — дея сўради журналистлар 4 февраль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида болалар омбудсманидан.

«Ушбу масала ишчи гуруҳ томонидан ҳам муҳокама қилинди, ҳали якуний қарор йўқ. Бундай жазо қўлланиладими ёки йўқми номаълум, чунки биз анъанавий жамиятда яшаяпмиз», деб жавоб берди Ражабмо Ҳабибуллозода.

Тожикистонда ўтган йилнинг декабрь ойида Ҳисор шаҳридаги суд зўрлашда айбланган 12 ёшли қизчани оқлаганидан кейин педофилларга нисбатан қаттиқроқ жазо чоралари талаблари кучаймоқда. Ушбу воқеа тожик жамиятида турли хил муносабатларга сабаб бўлди. Тожикистондаги фуқаролик жамияти фаоллари болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш илтимоси билан Президент Эмомали Раҳмонга, Тожикистон парламентининг ҳар икки палатаси раиси Рустам Эмомали ва Маҳмадтоир Зокирзодага мурожаат қилишди. 54 ташкилот мурожаатга имзо чекди.

2020 йил 9 декабрда Ҳисор суди 12 ёшли қизни зўрлашда айбланган 32 ёшли маҳаллий фуқарони 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди ва кейин амнистия асосида суд залидан озод қилди.

Судья ўз қарорини жиноят 2019 йил августда содир бўлганлиги ва амнистия тўғрисидаги қонун ўша йилнинг октябрь ойида қабул қилинганлиги, шу сабабли айбланувчи амнистияга тушгани билан изоҳлади.

11 январь куни Тожикистон парламентининг қуйи палатаси болаларга жинсий зўравонликда айбдор бўлганларнинг ота-она ҳуқуқларидан маҳрум қиладиган қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш тўғрисида эълон қилди. Эртаси куни Тожикистон Олий суди Ҳисор шаҳридаги суднинг 12 ёшли қизчани зўрлашда айбланувчига нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилди, иш қўшимча терговга прокуратурага юборилди.

Ражабмо Ҳабибуллозоданинг сўзларига кўра, ўтган бир йил ичида болалар омбудсмани идораси томонидан вояга этмаганларга нисбатан жинсий тажовузнинг 10 та ҳолати қайд этилган. 2019 йилда 9 та шундай ҳолат бўлган, дея қўшимча қилди у.

Марказий Осиёда биринчи бўлиб Қозоғистон вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилган маҳкумларни кимёвий равишда кастрлашга расмий равишда рухсат берди.

XS
SM
MD
LG