Ссылки доступа

Лукашенко Ўзбекистон президентининг режаларидан "қўрқиши"ни айтди


4 февраль куни Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг муддати битган элчиси Носиржон Юсупов билан хайрлашув чоғида Ўзбекистон президентининг режаларидан "қўрқиб кетиши"ни айтди.

“У билан Ўзбекистоннинг режалари тўғрисида гаплашишни бошлаганимда, баъзида ҳатто қўрқиб кетаман. У барчасига жуда тез киришиб кетмадимикан, деб ўйланиб қоламан.

Эҳтимол, натижалар унчалик тез бўлмас, чунки дунёда кучли рақобат мавжуд. Айниқса, ушбу рақобат пандемия ва бошқа воқеалар фонида ақлдан оздирадиган даражада кучайиб кетди”, деб айтган Лукашенко Беларуснинг "Пул первого" канали намойиш этган лавҳади.

Беларусь раҳбари Ўзбекистон геополитикадан четда қолиши мумкин эмаслигига эътибор қаратиб, "Президент Мирзиёев туфайли барча муаммоларнинг ҳал бўлиши мумкинлиги"га ишонч билдирган.

Ўзбекистон президенти ўтган йил августида Беларусда ўтган зиддиятли сайловларда Лукашенкони ғалабаси билан биринчилардан бўлиб табриклаган.

9 августда ўтган президентлик сайловида мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилишини билдириб, уни тан олишдан бош тортган. АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

XS
SM
MD
LG