Ссылки доступа

Бош прокурорни коррупцияда айблаган Жасур Фозилов Бухоро прокурори лавозимидан озод этилди


Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов
Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимида озод қилинди. Маҳаллий нашрларнинг Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, Ж. Фозилов ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшатилган.

Жасур Фозилов Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевни Бухородаги коррупция ҳолатларига алоқадорликда ва “криминал гуруҳлар”ни дастаклаганликда айблаб чиққани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Фозиловнинг 2020 йил 11 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеомурожаатида иддао қилишича, мамлакатнинг қонунчилик устидан олий назоратни амалга ошириш учун масъул идораси раҳбари прокуратура тизимидаги лавозимларни “савдо растасига қўйган каби” сотган.

Жасур Фозиловнинг мурожаатидан кейин унинг важларини “синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида” 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилган.

Аммо комиссия ўз хулосаларини ҳеч қаерда эълон қилмаган. Бош прокуратура Фозиловга нисбатан хизмат текшируви олиб боргани ва унинг 19 декабрь куни лавозимга тиклангани ҳақида маълумот тарқатган.

Кейинроқ Ж. Фозиловга нисбатан унинг ўзи коррупцияда айблаган Бош прокурорнинг 2020 йил 21 декабридаги буйруғи билан “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилгани билдирилган.

XS
SM
MD
LG