Ссылки доступа

Ўзбекистонда президент сайлови ва бошқа сайловлар бундан буён октябрь ойида ўтказилади


Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра, президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар бундан буён октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу йилги сайловлар 24 октябрь куни бўлиб ўтишини айтиш мумкин.

Авваллари Ўзбекистонда президент, парламент ва маҳаллий кенгаш сайловлари декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиб келинган.

Президент томонидан кеча имзоланган ва айни пайтда расман кучга кирган қонун лойиҳаси 25 январь куни Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган ва 5 февраль куни Сенат томонидан тасдиқланган эди.

Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Ш. Мирзиёев ғалаба қозонган.

XS
SM
MD
LG