Ссылки доступа

Тожикистоннинг энг йирик банкининг молиявий фирибгарликлари фош этилишда давом этмоқда


Сироджиддин Икроми

Амонатбанк раҳбарияти банк ҳисоб рақамлардаги маблағларнинг етишмаслиги Ҳисоб палатаси томонидан банк фаолияти текширилиши натижасида эмас, балки ички аудит пайтида аниқланганлигини таъкидлади.

Ўтган ҳафта Тожикистон Ҳисоб палатаси мутасаддилари матбуот анжуманида “Амонатбанк” давлат банкида 41 миллион сомонийдан ортиқ миқдордаги молиявий фирибгарликлар аниқланганлигини эълон қилди.

Амонатбанк раиси Сирожиддин Икроми 9 февраль куни якуний матбуот анжумани пайтида ички аудит ушбу ўғирликларнинг барчасини аниқлаганини ва бу ҳақда Ҳисоб палатаси ва мамлакат Бош прокуратурасига тақдим этганлигини айтди.

Амонатбанк раиси банкнинг молиявий зарарлари миқдорини аниқламади, аммо бу суммалар ҳатто банк активларининг бир фоизини ҳам ташкил этмаслигини қўшимча қилди. Унга кўра, ўтган йилнинг 31 декабрь ҳолатига кўра банк активлари 4,9 миллиард сомонийни ташкил этган.

Ҳисоб палатаси раҳбарияти аллақачон мижозларнинг ҳисоб рақамларидан уларнинг рухсатисиз пул маблағлари олинганлигини айтганига қарамай, раиснинг айтишича маблағларни ўғирлашнинг барча усуллари ҳали аниқланмаган.

Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, «йўқолган» пулларнинг катта қисми Исмоили Сомони метрополитенидаги “Амонатбанк”нинг 5-сонли филиалига тўғри келади. Унга кўра, бугунги кунгача ушбу суммадан 23,6 миллион сомоний ундирилган.

Банк филиали раҳбари, бош бухгалтер ва хазиначи ҳозирда ҳибсда ва прокуратура томонидан тергов қилинмоқда, дейди расмийлар.

Амонтабанк раиси 9 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу уч ходимга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлигини тасдиқлади ва шунингдек, банк марказий аппарати ходимларидан бирига нисбатан жиноий иш очилганлигини қўшимча қилди. Унинг қўшимча қилишича, ушбу ходимнинг жиноий иши тергов органлари қўлида. Икроми тафсилотларга ўтмади.

Илгари, Амонатбанк аллақачон алоҳида ходимлар томонидан фирибгарликда танқид қилинган. 2019 йил январь ойида Тожикистон Ҳисоб палатаси банкнинг айрим ходимларини бюджет маблағлари ва мижозларнинг депозитларини ўғирлашда айблади.

Аввалроқ, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Амонатбанк”нинг икки нафар мансабдорини ноқонуний пул ўтказмалари учун ҳибсга олган эди. Ҳибсга олинганларнинг иккаласи ҳам банкнинг Душанбедаги бош офисида ишлаган.

Амонатбанк — бу Тожикистонда энг йирик давлат банки бўлиб, у орқали давлат хизматчиларига пенсия ва иш ҳақи тўланади. Банкнинг республика бўйлаб 75 та филиали ва 546 та банк хизмат кўрсатиш марказлари мавжуд бўлиб, улар 7,4 мингта давлат идоралари ва 1 миллион 600 минг жисмоний шахсларга хизмат кўрсатган.

XS
SM
MD
LG