Ссылки доступа

"Ташқи кўринишни мувофиқлаштириш". Тошкент ИБББ "Малика" бозорида соқолга қарши рейд ўтказганини рад этмоқда


 2019 йил августида "Малика" (Техно-Олам) савдо мажмуасида соқоли мажбурлаб олдирилганини айтган тошкентлик тадбиркор Жамолиддин Муҳаммаджон
2019 йил августида "Малика" (Техно-Олам) савдо мажмуасида соқоли мажбурлаб олдирилганини айтган тошкентлик тадбиркор Жамолиддин Муҳаммаджон

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси пойтахтнинг халқ орасида "Малика" номи билан танилган Малика (Техно-Олам) савдо мажмуасида "соқол қўйган ва намоз ўқийдиган савдогарларга қарши рейд" ўтказилганини рад этмоқда.

Малика” бозорида электрон жиҳозлар билан савдо қилувчи тадбиркор бозор маъмуриятига чақиртирилиб, соқолини олишга мажбурлангани ҳақида айтиб берди:

"Масканг йўқ, деб ўша куни ҳамма соқоллиларни бозор маъмурияти биносига олиб кириб, суҳбат ўтказди. У ерда ДХХ, туман ИИБсидан одамлар ўтирибди. "Соқолни оласан, бўлмаса ўзимиз олиб қўямиз", дейишди. Мажбур бўлдик уларни талабига кўнишга", - деди исми очиқланмаслигини сўраган тошкентлик савдогар.

"Малика" бозорида ички ишлар ва хавфсизлик ходимлари иштирокида махсус тадбир ўтказилганини бозорда савдо қилувчи яна икки тадбиркор тасдиқлади.

Бу "Малика" савдо мажмуасида "соқол" га қарши биринчи рейд эмас.

2019 йилнинг августида жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари савдо масканидан ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига матбуот хизмати бошлиғи Ирина Сайфутдинова бу иддаоларни қатъиян рад этди.

"Аввалроқ баъзи одамлар ўғрилик бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилган.Ушбу савдо масканида расман ва норасмий ишлайдиган алоҳида шахслар қонунбузарликларга аралашиб қолган. Лекин кимнидир соқолини мажбурлаб олиш, умуман бўлмаган гап", -деди Сайфутдинова.

Айни пайтда Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби "фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларига мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини истисно қилмади.

"Яна бир бора айтаман, кимнидир соқолини олишга мажбурлаш умуман бўлмаган гап. Лекин ташқи қиёфасини биометрик паспортига мувофиқлаштириш сўралган бўлиши мумкин", - деди Сайфутдинова.

Пойтахт ички ишлар бош бошқармаси вакили "фуқароларнинг ташқи кўриниши паспортларидаги суратларига мувофиқ бўлиши лозимлиги" ҳақида гапираркан, амалдаги биронта қонун ҳужжатидан иқтибос келтирмади. Унинг сўзларига кўра, бу каби "мувофиқлик" бозор ва умуман, шаҳар ҳудудида ўрнатилган кузатув камераларининг юзни таниб олиш функцияси фаолияти учун муҳим.

Аммо Тошкентдаги "Simay Kом" адвокатлик ширкати адвокати Умид Давлатовнинг Озодликка айтишича, Ички ишлар идораларининг соқоллилар билан "тушунтириш" тадбирини фуқароларнинг биометрик паспортларидаги маълумотларга солиштириш билан изоҳлаш "кулгили".

"Биометрик маълумотларга асосан, бармоқ изи, кўз қорачиғи сингари маълумотлар киради. ИИББ балки соқоллиларни диний йўналишда гумон қилаётгандир", дейди адвокат Умид Давлатов Озодликка берган изоҳида.

Аммо Тошкент ИИББ матбуот хизмати бошлиғи Ирина Сайфутдинова "Малика" бозорида соқоллилар кўплиги боис диний экстремизм эҳтимолига қарши ички ишлар ва хавфсизлик хизматларининг махсус эътиборида экани ҳақидаги фаразларни рад этди.

"Бу бозорда асосан, электрон маҳсулотлар сотилади ва харидорлар катта пул билан келиши сабаб ўғриликлар кўп бўлади, улар хавфсизлигини ўйлаб рейдлар ўтказилади. Лекин бу ерни исломий ёки диний ақидапарастлар макон қилиб олган, деган нарса йўқ", - деди Сайфутдинова.

Айни пайтда Ўзбекистон АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси рўйхатида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG