Ссылки доступа

Раматовнинг имижи: Мақола ва матбуот котибининг олиниши бош вазир ўринбосарига боғланмоқда


2019 йилнинг 24 октябрида Очилбой Раматов (ўнгда) президент Мирзиëевга "Тошкент ерусти метросининг илк бекатлари битди"¸ деб ҳисоб берган эди.

Gazeta.uz нашри ўзининг рус тилидаги саҳифасида 3 кун олдин эълон қилган “Семьи погибших могли недополучить компенсацию” деган сарлавҳа остида берилган мақола очилмаяпти.

Мақола 2019 йил декабрида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида нобуд бўлган олти ишчининг оилаларига товон пули тўлиқ тўлаб берилмагани ҳақида эди.

Аввалроқ Kun.uz нашри ҳам "Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа: жабрланувчиларга етган зарар тўлиқ қопланмаган бўлиши мумкин" деб номланган мақолани чоп этган эди.

Ҳар икки нашрга яқин журналистларнинг хабар қилишича, мақолани сайтдан олиб ташлаш борасида таҳририятларга босим ўтказилган.

Босимлар Юнусобод метросини қурган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ кенгаши аъзоси (АЖнинг олдинги раҳбари), бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов номи билан боғланмоқда.

Айни мақоладан бир кун ўтиб, 4 февраль куни Kun.uz нашри"Экология қўмитаси матбуот котиби ишдан бўшашга мажбурланмоқда. У Раматов бўйича «ғалати топшириқ»ни бажаришга кўнмагани учун босимга учраганини айтмоқда" сарлавҳали мақолани ҳам чоп этди.

Журналистлардан бири шу куннинг ўзида Kun.uz "директори, директор ўринбосари ва муҳаррирга кетма-кет қўнғироқлар, юмшоқ қилиб айтганда “илтимослар” бўлгани”ни иддао қилди.

Номини очиқламасликни сўраган журналистнинг сўзларига кўра, босимлар президент Мирзиёев Фарғонада маҳаллий блогер ва журналистлар билан мулоқот қилган 4 февраль куни юз берган. Манбанинг айтишича, шу куни Kun.uz таҳририятига алоқадор "бир неча киши билан ДХХ гаплашган".

Kun.uz нашрига яқин журналистлардан бирининг айтишича, айни мақолани сайтдан олиб қўйиш борасида Kun.uz таҳририятига ҳам босимлар бўлган, аммо таҳририят мақолани ўчиришдан бош тортган.

Айни пайтда Gazeta.uz рус тилига таржима қилган мақоланинг асли Kun.uz сайтида турибди. Унда сайт ўз суриштирувига таяниб, қурувчиларнинг ўлими туфайли уларнинг оиласига етказилган зарар етарлича қоплаб берилмаган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилган.

Транспорт вазирлигига яқин мулозим Очилбой Раматов раҳбарлигида амалга оширилган метро қурилишида юз берган авария “ниҳоятда катта ўғриликлар оқибати бўлгани”ҳақида гапирган эди.

Айни пайтда 8 февраль куни журналист Бунёд Абдуллаев Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари лавозимидан кетганини эълон қилди.

Бунёд Абдуллаев бир неча кун олдин маҳаллий нашрга берган интервьюсида Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг "ижобий имижини шакллантириш кампанияси"да иштирок этишга мажбурланаётгани тўғрисида айтган эди.

Бунёд Абдуллаевнинг айтишича, 30 январда Президент администрацияси раҳбари ўринбосарлари қўмитага келиб йиғилиш ўтказган, йиғилишда қўмитанинг асосан, ўрта бўғин раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилинган.

2 февралда эса, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва у бошчилигидаги комплекс раҳбарлари, вазир ҳамда вазир ўринбосарлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилган ва унда қўмитанинг 6 бошқармаси бошлиқлари, жумладан, матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев ҳам ишдан олинган.

Бунёд Абдуллаев ўзининг ишдан олинадиганлар рўйхатига тушиб қолишини ўша кундан икки ҳафта аввал «юқоридан келган ғалати топшириқ» билан боғлаган.

Бунёд Абдуллаевнинг Kun.uzга айтишича, икки ҳафта олдин унинг шахсий телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини «Раматовнинг маслаҳатчисиман» деб таништирган киши унга бош вазир ўринбосарининг ижобий имижини шакллантириш мақсадида алоҳида штаб ташкил қилингани ҳамда у ҳам шу имижни яхшилаш учун ҳафтанинг ҳар жума куни улар тасдиқлаган мавзу бўйича маълумот бериб туриши кераклигини буюрган.

Журналист бу топшириқни рад этган. Шундан сўнг Бунёд Абдуллаевга Вазирлар Маҳкамасидаги «куратори» Баҳодир Шукуров телефон қилган.

Бунёд Абдуллаев «куратори»дан ёзма топшириқ туширишни сўраган.

«У менга штаб бошлиғи (маслаҳатчи) берган топшириқларни сўзсиз бажаришимни буюрди. Мен бу бўйича фақат ёзма топшириқ келсагина иш бошлашимни айтдим. Баҳодир Шукуров эса ёзма топшириқ бўлмаслиги, шу қўнғироқ менга ёзма топшириқлигини айтди. Унга яна аввалги жавобимни такрорлаганимдан кейин телефонни жаҳл билан қўйиб қўйди», дейди Бунёд Абдуллаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Абдуллаев 4 февраль куни қўмита раҳбарияти билан муносабатлари анча таранглашгани, қўмита раиси ва кадрлар бўлими бошлиғи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қилиб, унга босим ўтказаётганини таъкидлаб ўтган эди.

Орадан 4 кун ўтиб, Бунёд Абдуллаев ишдан кетганини эълон қилди.

Экология қўмитаси ёки Вазирлар Маҳкамаси Бунёд Абдуллаевнинг ишдан бўшаши атрофидаги вазият ҳамда унинг баёнотидаги иддаолар юзасидан расмий шарҳ берганича йўқ.

XS
SM
MD
LG