Ссылки доступа

Мирзиёев аҳолини коронавирусга қарши эмлашни буюрди. Ҳамма умид Хитой вакцинасидан


10 февраль кунги видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш ҳақида топшириқ берди.

Маҳаллий матбуотнинг иқтибос келтиришича, президент соғлиқни сақлаш вазири вазирлигига бир ой муддатда биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, уларнинг электрон рўйхатини шакллантиришни топширган.

Айни пайтда Ўзбекистонга қаердан ва қанча миқдорда вакцина олиб келиниши ҳануз номаълум. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбоновга кўра, жорий йилнинг март ойида коронавирусга қарши вакцина келтирилади. Бунда биринчи навбатда 85 ёшдан ошганлар, ундан кейин 75 ёшдан 84 ёшгача бўлганлар, кейинги босқичда эса 65 ёшдан 75 ёшгача бўлганлар эмланади.

Мулозимнинг билдиришича, 2021 йил якунига қадар мамлакат аҳолисининг 20 фоизга яқини эмланиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда Хитойнинг COVID-19 инфекциясига қарши ZF2001 рекомбинант вакцинаси 3-фаза клиник синовлари ўтказилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги (ИРВ) ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) бирга ўтказаётган ушбу вакцина синовлари мамлакат расмий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинмоқда.

ИРВдан олинган маълумотга кўра, муваффақиятли ўтаётган синовлар майда тугаши мумкин ва агар тасдиқланса, Хитой вакцинасини давлат буюртмаси билан тайёр ҳолда Хитойдан келтириш ва ССВ тизими орқали аҳолига етказиш режаланган.

2020 йилнинг сентябрь ойида 35 миллион дозага буюртма берилган Россиянинг “Спутник-V” вакцинаси бўйича расмийлар ва Ўзбекистон томонидан шартномани имзолаган Laxisam ширкати ҳам бирор аниқ гап айтолмаяпти.

Норасмий маълумотга кўра, Россия вакцинаси бўйича сўзлашувлар боши берк кўчага кирган ва барча умид Хитой вакцинасига тикилган.

Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинаси синовларига бош-қош бўлаётган Инновацион ривожланиш вазирлигидан (ИРВ) олинган маълумотга кўра, синовлар "муваффақиятли кечмоқда".

Вазирлик матбуот котиби Назокат Азимнинг билдиришича, синовни май ойида якунлаш назарда тутилган ва агар натижалар муваффақиятли деб топилса, вакцинани тайёр ҳолда Хитойдан олиб келиш режаланмоқда.

Назокат Азимга кўра, Хитой вакцинасини давлат буюртмаси асосида олиб келиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимлари орқали халққа етказиш режаланган.







XS
SM
MD
LG