Ссылки доступа

Душанбеда Ислом институти қурилиши тўхтатилди (видео)


Расмийлар катта ва замонавий бўлишини ваъда қилган Душанбедаги Ислом институтининг қурилиши тўхтатилди. Қурилиш 2018 йилда бошланган ва бу йил бино қуриб битказилиши кутилаётган эди.

Ислом институти ректори Тожиддин Асомуддинзоданинг 10 февраль куни айтишича, коронавирус пандемияси сабабли қурилиш суръатлари пасайган, кейин эса молиявий муаммолар туфайли иш умуман тўхтатилган. «Эҳтимол, биз 2022 йилда янги бинога кўчиб ўтамиз», деди манба.

Янги бинонинг қиймати 130 миллион сомонийга (тахминан 11,4 миллион доллар) баҳоланмоқда, у минтақадаги энг катта Қатар томонидан барпо этилаётган ва ҳали фойдаланишга топширилмаган масжид яқинидаги 3 гектар майдонда қурилмоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, Ислом институтининг янги биноси бир вақтнинг ўзида 1,5 минг талаба ва ўқитувчини қабул қилиши мумкин, аммо расмий маълумотларга кўра ҳар йили ушбу университетни танлайдиганлар сони камайиб бормоқда.

Бугунги кунда Ислом институтида 879 киши таҳсил олмоқда. Тожиддин Асомуддинзоданинг берган интервьюсида айтишича, ўтган йили улар 331 кишини ўқишга қабул қилишга тайёр эдилар, аммо олийгоҳга камроқ ўқувчи кирди.

Аввалги йилларда Тожикистонда 20 га яқин мадрасалар рўйхатдан ўтган. Вақт ўтиши билан улар ёпилди ва Душанбеда фақат битта исломий муассаса қолди, у қисман диний таълим беради.

Баъзи экспертларнинг айтишича, Тожикистонда диний таълим «ёмон йўлга қўйилган».

Диний масалалар бўйича мутахассис Фаридун Ходизоданинг айтишича, муассасада таълим сифати ва ўқитиш услублари кўп нарсаларни кутмоқда. «Шунинг учун абитуриентлар унга киришга шошилмаяпти. Агар таълим жараёни созланса, у ерда ўқишни истаганлар кўпайишига аминман», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ушбу университет битирувчиларига иш топиш қийин. «Ислом институтини тугатган юзлаб талабалар иш топа олмаяпти», дейди Ходизода.

Сўнгги бир неча йил ичида Тожикистонда ўнлаб имомлар ноқонуний диний таълим берганликда айбланиб ҳибсга олинган ва жазоланган. Халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари бир неча бор Тожикистонни дин эркинлигини чеклаб қўйгани учун танқид қилишган, аммо тожик расмийлари мамлакатда хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларда танқидларни ҳар доим асоссиз ва уларнинг чораларини қонуний деб ҳисоблашган.

XS
SM
MD
LG