Ссылки доступа

Туркманистон президенти ўз ўғлини бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлади


Туркманистон президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов
Туркманистон президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сардорни ўзига муовин ва мамлакат Олий назорат палатасига раис этиб тайинлади.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, 39 ёшли Сардор Бердимуҳамедов учун қўшимча бош вазир ўринбосари лавозими таъсис этилган, айни пайтда у Туркманистон Олий назорат палатасини ҳам бошқаради.

Туркманистон давлат телевидениеси қайдича, бош вазир ўринбосари С. Бердимуҳамедов Давлат хавфсизлик кенгашига ҳам аъзо бўлиб кирган.

Туркманистон президентининг ўғли бунгача саноат ва қурилиш вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Унинг вазир лавозимига тайинланганига 7 февраль куни бир йил тўлганди. Вазир бўлишидан аввал эса Сардор Бердимуҳамедов Ахал вилоятини бошқарган.

Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғлини мансаб пиллапоялари бўйлаб жуда тез кўтараётгани 63 ёшли авторитар президентнинг уни ўзига ворис сифатида тайёрлаётгани ҳақида тахминлар урчишига сабаб бўлди.

Сардор Бердимуҳамедовнинг сиёсий фаолияти у парламент депутатлигига сайланган 2016 йил охиридан бошланган.

XS
SM
MD
LG