Ссылки доступа

Қирғизистон Президенти Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдумни 11 апрелда ўтказишни таклиф қилди


Президент Садир Жапаров Конституцияга ўзгартириш киритиш учун референдум ўтказиш зарурлигини таъкидлаб, уни маҳаллий кенгашларга сайловлар билан бирга ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у жамоат телерадиоэшиттириш корпорациясига (КТРК бренди) берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ҳозир биз эски Конституция асосида яшаяпмиз. Мен 11 апрелга маҳаллий кенгашларга сайлов тайинлаш тўғрисида фармонни имзоладим. Агар депутатлар қўллаб-қувватласа, ўша куни референдум ўтказилади ва янги Конституция қабул қилинади. Шундан кейин биз янги Конституция асосида яшашни бошлаймиз», — деди Жапаров.

8 февраль куни Садир Жапаров фармонни имзолади, унга кўра маҳаллий кенгашлар депутатларини сайлови 11 апрелга белгиланган. Шу куни 448 та — 28 та шаҳар ва 420 та қишлоқда депутатлар сайлови бўлиб ўтади.

Октябрь воқеалари натижасида ҳокимиятга келган Садир Жапаров янги Конституцияни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида ўз фикрини билдиргандан сўнг, 2020 йил ноябрь ойида Жўқорғи Кенгес веб-сайтида янги Асосий Қонун лойиҳаси эълон қилинди. Унда 80 депутат ташаббускор бўлган.

Жамоатчилик танқидидан сўнг Конституция Кенгаши тузилди, у Конституция лойиҳасини якунлади. Январь ойи охирида бўлиб ўтган конституциявий йиғилиш асосий қонуннинг янги лойиҳасини қабул қилди ва февраль ойининг бошида Жўқорғи Кенгесга юборди.

Янги Асосий Қонун лойиҳаси президентнинг ваколатларини кенгайтиради: у ижро этувчи ҳокимиятни бошқаради, вазирлар маҳкамаси таркиби ва тузилишини белгилайди, президент маъмурияти ва Хавфсизлик Кенгашини шакллантиради ва уларга раҳбарлик қилади.

2021 йил 10 январда бўлиб ўтган референдумда овоз берган фуқароларнинг аксарияти президент бошқарув шаклини танладилар. Конституциявий кенгаш томонидан ишлаб чиқилган Конституция лойиҳаси парламентда кўриб чиқилгандан сўнг, ҳужжат референдумга юборилади.

Фуқаролик фаолларининг таъкидлашича, янги Конституция лойиҳасини кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиби бузилмоқда.

XS
SM
MD
LG