Ссылки доступа

Хоразмда "Артел"га ишга кириш учун минглаб одам тўпланди (видео)


9 февраль куни маиший техника ва электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи"Артел" ширкатининг Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Питнак шаҳрида янги қурилган шўъба корхонасига ишга қабул эълон қилингани ҳақида эшитган минглаб одам тўпланди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода корхона олд майдони ва атрофи одамга тўлгани ва издиҳом юзага келганини кўриш мумкин.

В Хорезме тысячи безработных собрались возле здания «Артель»
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:01:57 0:00

Видеога берилган изоҳларда "Артел" корхонаси олдидаги талотўп ишга киришни хоҳловчи одамлар тўпланиши натижасида юзага келгани айтилган.

Телеграм тармоғида тарқалган видеода камера ортидаги овоз: "Қаранг, Хоразмда аҳволни. Мана "Артел" заводи. Ишга қирмокчи бўлган одамлар мана. Ҳеч ким киролмаяпти. Мана халқ. Буларга эътибор қаратадиган одам йўқ", дейди.

Исми очиқланмаслигини сўраган питнакликлардан бири корхона қаршисида 20 мингга яқин одам тўпланганини айтади:

"Бўш иш ўринлари учун ишга қабул бошлангани ҳақида эшитиб Ҳазорасп, Шовот, Боғот, Хивадан ҳам одамлар келди. Талотўп бўп кетди. Босқи остида қолганлар бўлди. Завод берк эди, ҳеч ким киролгани ҳам йўқ, кимдир у ерда чиқиб учрашгани ҳам йўқ. Кейин Ички ишлар ва ҳокимликдан одамлар келди, бу ерда турганларингни фойдаси йўқ, барибир шунча одамни қабул қилмайди, дейишди. Кейин ҳамма тарқалди, - дейди йигит.

"Артел" Ўзбекистонда маиший техника ва электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи монополист ширкат саналади.

Тупроққалъа тумани ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда ўзи дохил расмийлар "Артел" олдига тўпланган одамлар билан мулоқот қилганини айтди.

"Ишга қабул қиляпти, экан деб бири-биридан эшитиб келган. Биргина Питнакдан эмас, бутун вилоятдан келган, Қорақалпоғистондан ҳам келган. Бизда биласиз, бир жойда бир нарса бўлди, деса ҳамма югуриб боради. Ана шундай ҳолат бўлди. Биз улар ёнига бордик, учрашдик. Лекин, бу "Артел" хусусий ширкат бўлгани учун улар ишига аралашолмаймизку, шунча одамни ишга оласан ёки қабул қиласан, деб шарт қўя олмаймизку. Келгусида очилиши режалаштирилган янги иш ўринларига қабул бўлса, маълум қиламиз, деб ҳаммасига тушунтирилди, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда ишсизлик даражаси 13 фоиздан кўпроқни ташкил қилади.

Хоразмлик блогер Шерзод Ботировга кўра, Питнакдаги талотўп ишсизлик кўлами расмий статистикадагидан анча катта эканини кўрсатади.

"Ҳазорасп тумани, Тупроққалъа ва Питнак шаҳри Хоразмдаги ишсизлик энг кўп бўлган жой. Шуни ҳисобга олиб Питнакда "Дамас" заводи очилди. Бу билан ҳам ишсизлик камаймади. Ҳозир мана, "Артел" очиляпти, лекин қанча одамни бу корхона иш билан таъминлайди, билмаймиз. Лекин масштабни кўряпсиз, аҳвол нақадар эканини мана шу видеодан билиб олса бўлади", - дейди хоразмлик блогер.

XS
SM
MD
LG