Ссылки доступа

Фарғонада кўп қаватли уйлар орасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатилади


Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида барча қурилишлар тўхтатилади, пойдевор учун қазилган котлованлар кўмилади, болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади. Бу ҳақдаФарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ўтган ҳафта якунида Фарғона шаҳри Дўстлик ҳамда Гулзор маҳаллаларига ташрифи чоғида ҳудуддаги кўп қаватли турар-жойлар орасида яшил майдонлар ҳудудидаги дарахтлар кесилгани, болалар ва спорт майдончалари бузилгани ва ўрнига янги бинолар қурилиши бошлангани ўрганилган.

Ҳудуд турғунлари Х. Бозоров билан мулоқот чоғида янги қурилаётган бинолар сабабли маҳаллада аҳоли яшаши учун ноқулайликлар туғилаётгани, болалар учун очиқ ҳавода ўйнашга, катталар ва кексалар учун сайр қилишга имкон қолмаганидан шикоят қилишган.

Вилоят ҳокими ўша жойда ўзига ҳамроҳлик қилаётган шаҳар ҳокими ва прокурорига Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берган.

Билдирилишича, ҳудудда пойдевор учун қазилган котлованлар барчаси кўмиб ташланади, бузиб ташланган болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади, қурилиш эгалари кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан манзарали дарахт экиши таъминланади. Тўхтатилган қурилишлар ўрнига тадбиркорларга бино қуриш учун бошқа жойдан ер майдони таклиф этилади.

XS
SM
MD
LG