Ссылки доступа

Президентнинг кенжа куëви Тошкентдаги автоҳалокатда жароҳат олгани айтилмоқда


Ўзбекистон президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров - Instagram

Ўзбекистон ҳукумати ва президент оиласига яқин манбалар президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаровнинг 13 февраль оқшомида Тошкентда йўл-транспорт ҳодисасига учраганини айтмоқда.

Бир-биридан мустақил манбаларнинг иддао қилишича, Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбарининг ўринбосари, 36 яшар Отабек Умаров 13 февраль куни пойтахт марказида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг шифохонага ётқизилган.

Ўтган шанба маҳаллий вақт билан соат 18 лар атрофида юз берган ҳодиса ҳақида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарни Ўзбекистон ҳукумати ва президент Мирзиёев оиласига яқин бир неча манба тасдиқлади.

Ўзбекистон ҳукуматининг номи ошкор этилмаётган мулозими, Тошкентдаги шифохона ҳамда Отабек Умаровга яқин манбалар тасдиқлаган ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилганича йўқ.

Парвозларни кузатувчи flightaware.com сайтида манбалар ҳодиса ортидан Германиядан Тошкентга учиб келганини айтган Гамбургдаги хусусий ширкатга тегишли учоқнинг Тошкент халқаро аэропортида 14 февралдан 15 февралгача тургани қайд этилган.

Манбалар Отабек Умаров Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказида бир неча соат мобайнида дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг махсус тиббиёт учоғи билан хорижга олиб кетилганини ҳам иддао қилди.

Ҳодиса юз берган 13 февраль куни Отабек Умаровнинг Инстаграм саҳифасида Дубай шаҳрида валиаҳд шайх Ҳамдон бин Зайд билан тушган сурати қўйилган эди. Сурат қачон олингани ҳақида маълумот берилмаган. 14 ва 15 февраль кунлари Отабек Умаров Инстаграм саҳифасида пост қолдиргани йўқ.

Айни пайтда ҳукумат доираларига яқин камида икки манба Отабек Умаровнинг ЙТҲга учраганини рад этди ҳамда у билан 14 ва 15 февраль кунлари шахсан мулоқотда бўлганини иддао қилди.

Бир-биридан мустақил манбаларга кўра, президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими, 36 яшар Отабек Умаров иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси 13 февраль куни соат 18ларда содир бўлган. Тошкентнинг халқ орасида “Президент трассаси” деб аталадиган йўлида, Мустақиллик кўчаси, Пушкин метро станцияси яқинида юз берган ҳодисада катта тезликда кетаëтган мотоцикл ҳайдовчиси йўл четидаги бетон бордюрга урилгани айтилмоқда. Ҳайдовчи енгил автомобилга чап бериш учун рулни бургани айтилган ҳодисада қурбон бўлмаган.

Ҳукумат мулозимига кўра¸ мотоциклни Ўзбекистон президентининг кенжа куëви Отабек Умаров бошқарган. Ҳодисада мотоцикл ҳайдовчисининг "иккала оëғи лат еган". Умаров "жиддий жароҳатлангани" ҳақида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарлар ортидан

Манбаларга кўра, Умаров халқ орасида "16-горбольница" деб аталадиган Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига 13 февраль куни соат 19лар атрофида олиб келинган. Касалхонага яқин тиббиëт ходимининг билдиришича, “оëғидан лат еган пациент 6 соат мобайнида операция қилинган”.

Биринчи оилага яқин манбанинг сўзларига кўра, Умаровнинг “ўнг оëғи 3 жойидан синган¸ чап оëқ суялари қаттиқ зарб оқибатида майдаланиб кетган”. У Умаровнинг оëқларига “Илизаров темирлари” номи билан билинган мослама ўрнатилганини айтмоқда. Совет жарроҳи Гавриил Илизаров ихтиро қилган бу мослама асосан, оëқлардаги суяклар авария оқибатида синиб, парчаланиб кетган пайтда қўлланилади.

Парвозларни кузатувчи flightaware.com маълумотларига кўра, 14 февраль куни кундуз соат 12дан 17 дақиқа ўтганида Тошкент халқаро аэропортига Германиянинг Нюренберг шаҳридан хусусий Air Hamburg ширкатига тегишли учоқ келиб қўнди.

Манбалар Нюренбергдан Тошкентга AHO787B рақамли парвозни амалга оширган учоқнинг махсус жиҳозланган тиббиëт учоғи эканини иддао қилмоқда. Flightaware.com сайти маълумотларига кўра, айни учоқ 15 февраль куни Тошкент вақти билан эрталаб 6.00да Ўзбекистон пойтахтидан учган ва маҳаллий вақт билан 8дан 13 дақиқа ўтганда Москванинг Внуково халқаро аэропортига қўнган.

Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказидаги манбанинг айтишича, 14 февраль куннинг иккинчи ярмида Умаров ҳушига келган ва яқинлари билан гаплашган.

Манбалар шанба куни куннинг иккинчи ярмида шифохонада фавқулодда хавфсизлик чоралари кўрилганини айтмоқда. Улардан бири ушбу хавфсизлик чораларини президент Мирзиëев ва рафиқаси Зироат Мирзиёеванинг касалхонага "ташриф буюргани" билан боғлади.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати эса оммавий ахборот воситалари учун ёпиқлигича қолмоқда.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши ортидан унинг тансоқчисига айланган кенжа куëв Отабек Умаров қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги давлат, айниқса, хавфсизлик мулозимларига хос бўлмаган очиқлиги ва фаоллиги билан эътиборга тушди.

Президентнинг кенжа куёви Инстаграм саҳифасида ўзининг қимматбаҳо машиналар¸ тунги пойга ва дрифтингга ўчлигини намойиш қилган.

XS
SM
MD
LG