Ссылки доступа

Қурилиш вазирлиги мулозими Сардоба сув омбори қайта қурилишини маълум қилди


Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Дарё.уз нашрига Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев маълум қилган.

Мулозим мазкур қарор асосида жуда катта ҳажмда муҳандислик-қидирув ишлари амалга оширилаётгани, лаборатория таҳлиллари олиниб, илмий-техник асослаш мақсадида изланишлар давом этаётганини билдирган.

Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгани, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилишини қайд этган Н. Бобоев қурилиш муддатларини очиқлай олмаслигини урғулаган.

Сабаби — бу ёпиқ қарор билан белгиланган. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда”, дея иқтибос келтирган Қурилиш вазирлиги мулозими сўзларидан Дарё.уз нашри.

Н. Бобоевга кўра, ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган.

Ўтган йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги минглаб аҳоли уйларини сув ювиб кетган, ҳодиса чоғида 6 киши ўлган, 1 киши бедарак йўқолган эди.​ Мазкур тошқин чоғида қўшни Қозоғистонда ҳам 276 квадрат километр майдонни сув босиб, Туркистон вилояти Пахтаорол туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилингани айтилган.

Ўтган йилнинг 28 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Сардоба иши” бўйича 17 киши устидан ёпиқ маҳкама жараёни бошланган. Айблов хулосасида ўтган йил 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган фожиа доирасида жами 45 миллиард сўмлик (тақрибан 4 миллион 280 минг АҚШ доллари-таҳр.) зарар аниқлангани ва бунинг бир қисми ундирилгани қайд этилган.

2010-2017 йиллар мобайнида қурилган Сардоба сув омборига 1,2 триллион сўм миқдорида маблағ сарфлангани айтилади.

XS
SM
MD
LG