Ссылки доступа

Самарқанднинг Найманида 1 ойлик ҳашар. Бюджетчилар ҳашарга мажбурланганидан шикоят қилмоқда


1 февралдан бошлаб Самарқанд вилоят, Тойлоқ туманидаги Найман маҳалласида 1 ойлик ҳашар эълон қилинди.

Тойлоқ туманидаги ташкилотлардан бирининг мулозими Найман маҳалласидаги ҳашарга мажбуран жалб қилинганликларини айтди:

“Ҳамма уйларнинг фақат кўча томони ремонт қилиняпти яъни уйларнинг фасади янгиланмоқда. Бу ишни қилиш тумандаги идора ва ташкилотларга юкланган. Халқ таълими, молия, солиқ, банклар, соғлиқни сақлаш каби ҳамма ташкилот ҳашарда қатнашяпти. Улар ўз ҳисобидан шу ишларни қилиб беряпти. Ҳар бир ташкилотга катта-кичиклигига қараб, 4-5та уйдан бўлиб берилган”.

Ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб аноним қолишни истаган мулозим ҳисоб-китобича, 1 та уйнинг фасадини янгилаш 2,5 миллион сўмга тушяпти.

Ҳашарга жалб қилинган идоралардан яна бирининг ходими ҳокимлик томонидан ҳашар учун айрим нарсалар берилаётганини ҳам айтди:

“Қум билан оҳакни ҳокимлик беряпти. Кейин цементни ҳам ҳокимлик олиб келиб беряпти. Бошқа ҳамма нарса уйларга бириктирилган идора зиммасида. Кичкина идоралар ўзи ҳаражат қиляпти. Тадбиркорларга буюришга ҳадди сиғадиган идоралар ҳомийлардан фойдаланяпти”.

Тойлоқлик тадбиркорлардан бири Найман маҳалласидаги ҳашар учун 4 миллион сўмлик қурилиш материаллари олиб берганини айтди:

“Тадбиркорларни текширадиган идоралардан бири Наймандаги ҳашар учун ҳомийлик қилишимни айтди. Эртага ишимдан камчилик топиб, муаммо чиқармасин, деб ҳомийликка рози бўлдим. Бозордан 4 миллион сўмга қурилиш материаллари сотиб олиб, ҳашарчиларга бердим”.

Суҳбатлашган ҳашарчиларга кўра, улар учун ҳар куни текинга ош пишириляпти:

“Ҳар куни эрталаб соат 8дан иш бошлаймиз. Бир кунда 35 кило гурунчдан ош дамланяпти. Маҳалладаги мактаб ҳовлисида тушлик қиламиз. Овқат учун тадбиркорлар ҳомийлик қилаётганини айтишди”.

Тойлоқ туман ҳокимлигининг мулозими, Найман маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари ҳокимлик бюджетидан ажратилган пул ҳисобига амалга оширилаётганини иддао қилди:

“Бутун туман Найман маҳалласига кўчиб келган. Ҳамма ҳашарда қатнашяпти. Бутун куч шу ерга ташланган. 1 ой ичида ҳаммасини тугатишни режалаганмиз. Ҳаражатлар учун ҳокимликнинг маҳаллий бюджетидан пул ажратиляпти. Қанча сарфланганини аниқ айта олмайман. Лекин ҳеч ким ҳашарга мажбурланмади. Ҳамма ўз хоҳиши билан иштирок этяпти”.

XS
SM
MD
LG