Ссылки доступа

Қирғизистон ҳукумати Баткен вилоятига алоҳида мақом беришни режалаштирмоқда


Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов ўзининг Facebook-даги саҳифасида видеомурожаат билан чиқди ва унда Баткен вилоятидаги вазиятга изоҳ берди.

У минтақада «ҳақиқатан ҳам жуда оғир вазият мавжудлигини» таъкидлаб, расмийлар ушбу минтақадаги чегара муаммоларини ҳал қилиш режаларини муҳокама қилаётганини айтди.

«Сўнгги кунларда, биз кўриб турганимиздек, давлат чегаралари масаласи кўтарилди. Баъзи ҳудудларда, хусусан, Баткенда ҳал қилинмаган муаммолар мавжуд. Кеча раҳбарият алмашди. Яқинда Президент ва Ҳукуматнинг кўрсатмалари амалга оширилади деган умиддамиз. Муаммоларни ҳал қилиш, чегараолди ҳудудлар аҳолисининг турмуш сифатини яхшилаш учун барча саъй-ҳаракатларимизни сарфлаймиз», — деди Марипов.

Бош вазир, шунингдек, Баткен вилоятига алоҳида мақом бериш масаласи кўриб чиқилаётганлигини қўшимча қилди.

Икки кундан буён Бишкекда, Ҳукумат уйи яқинида давлат чегаралари бўйлаб муаммоларни ҳал қилиш талаби билан норозилик намойиши бўлиб ўтмоқда. Пикетнинг 30 га яқин иштирокчиси давлат чегарасини аниқлаштириш жараёнини тезлаштиришни талаб қилмоқда.

Февраль ойининг бошларида Баткен вилоятининг Тожикистон билан чегарадош Кўк-Тош ва Оқ-Саи қишлоқларида яйловлардан, йўллардан, сувдан фойдаланиш ва турли хил иншоотлар қурилиши бўйича чегара можаролари кучайган.

Қирғизистон — Тожикистон чегарасининг узунлиги 976 км ни ташкил этади, шундан 519 км делимитация ва демаркация қилинган, қолган қисми ҳали аниқланмаган.

Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, 2020 йилда давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида 9 та турли ҳолатлар қайд этилган.

XS
SM
MD
LG