Ташқи сиёсат Байден ўз лавозимига киришганидан бери Висконсин штатининг Милуоки шаҳрида сайловчилар билан биринчи учрашувида кўтарган масалалардан бири бўлди.
«Хитой учун жиддий оқибатлар бўлади ва у буни билади», деди Байден Хитой раҳбари Си Цинпинга ишора қилиб.
Си Цзинпин асосан ислом динини тан олган уйғурларни, қозоқларни ва Шинжоннинг бошқа маҳаллий халқларининг вакилларини «қайта тарбиялаш лагерларига» мажбуран юборгани учун халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинди.
Пекин ёпиқ муассасалар одамларга радикал ғоялардан халос бўлиш ва жамиятга қўшилишга ёрдам бериш учун мўлжалланган «ўқув марказлари» эканлигини таъкидламоқда.
«Хитой дунё етакчисига айланиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Ушбу унвонга сазовор бўлиш учун бошқа давлатларнинг ишончини қозонишлари керак», — деди Байден CНН телеканалида. «Улар инсоннинг асосий ҳуқуқларини бузадиган фаолият билан шуғулланар экан, уларга бунга эришиш қийин бўлади.»
11 февраль куни Си Цзинпин билан икки соатлик телефон орқали суҳбат чоғида Байден АҚШнинг устувор йўналиши «Ҳиндистон — Тинч Океани минтақасини эркин ва очиқ сақлаш» эканлигини таъкидлаб, Пекиндаги «мажбурий ва адолатсиз» савдо амалиётлари ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида хавотир билдирди. Байден, шунингдек, Хитой ҳукуматининг Гонконгдаги демократия тарафдорларини тазйиқларига эътибор қаратди.
Хитой давлат оммавий ахборот воситалари Си Цзинпин АҚШни Хитойнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таъсир қиладиган масалаларда, жумладан Гонконг ва Шинжонда эҳтиёткор бўлишга чақирганини айтди.