Кластерга айланган пахта тозалаш заводи ишчилари иш ташлагани ҳақида ишчиларнинг ўзлари хабар қилди.
“Ноябрь ойлигини декабрда икки марта бўлиб беришди. Шундан бери ойлик йўқ. Ишчилар норозилик билдиргандик, раҳбарлар аввалига 5 февраль куни маошлар берилишига ваъда беришди. Кейин “15 февраль тунги соат 00:00гача ойликлар пластик картага тушириб берилади”, деб ваъда беришди. Раҳбарларнинг бу ваъдаси ҳам бажарилмагач, 16 февраль куни эрталабдан иш ташладик”,- дейди исми очиқланмаслигини сўраган ишчи.
Бошқа бир ишчининг айтишича, декабрь ойида ҳам маошлар ўз вақтида берилмагани сабаб ишчилар иш ташлаган ва кейин ойликларини олишга муваффақ бўлишган:
“Декабрда ҳам иш ташлаш қилганимиздан сўнг ойликларимизни пластик картамизга тушириб беришганди. Ҳозир пандемия шароитида кўпчиликнинг уйидагилари ишсиз қолган. Бизникида ҳам фақат мен ишлаяпман. Бир тийин пулсиз қолдик”.
Ишчилар ҳисоб-китобича, заводда 240 нафар ишчи бўлиб, уларнинг барчаси иш ташлаган.
Ишчиларга кўра, улар норозилик акциясини иш ҳақи берилмагунча давом эттиришни режалаганлар.
“Завод кластерга ўтганидан бери шу аҳвол. Раҳбарлар “хоҳламасанг ишлама” деб дўқ қиляпти. Мана энди иш ташлаганимиздан кейин завод икки кундан бери тўхтаб ётибди”, - дейди завод ишчиларидан яна бири.
“Қорасув пахта тозалаш” заводининг ҳозирги эгаси Real Tex Tashkent МЧЖ мулозимлари кластер ҳисобида ишчиларга пул тўлаш учун етарли маблағ йўқлигини айтиб, банкдан кредит олиш ҳаракатлари бўлаётганини айтди.
Айни пайтда мулозим банкнинг қачон кластерга кредит бериши номаълумлиги ва шу боис ишчиларга ойлик бериладиган куннинг аниқ санасини айта олмаслигини билдирди.
Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги қарори билан кластерларга айлантирилган 50дан зиёд пахта тозалаш заводи рўйхатида “Қорасув пахта тозалаш” заводи ҳам бор.
Тошкент вилояти Пскент туманидаги пахта тозалаш заводи ишчилари ҳам заводнинг кластерга айлантирилганидан ва маошлари вақтида берилмаётанига норозилик билдириб, видео мурожаат билан чиққанди.
Мамлакатда ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган ёки уларнинг иш ташлашларини мувофиқлаштирадиган мустақил касаба уюшмалари мавжуд эмас.