Ссылки доступа

Тожикистонда 90 кг олтин ва 15 миллион доллар контрабанда иши бўйича учта божхона ходими ҳибсга олинди


Тожикистонлик божхоначиларнинг уч нафари мамлакатдан 90 килограмм олтин ва 15 миллион АҚШ долларини олиб ўтишга уринганликда айбланиб ҳибсга олинган. Ўтган йилнинг ноябрида Душанбе халқаро аэропортида ушбу ҳолатнинг олди олинди.

Тожикистон божхонаси ходими Раҳмонали Раҳимзоданинг 18 февралдаги матбуот анжуманида айтишича, ўтган йилнинг ноябрь ойида бир гуруҳ Афғонистондан Тожикистон орқали БААнинг Дубай шаҳрига Афғонистондан олтин ва пул олиб ўтмоқчи бўлган.

Унга кўра, Қуйи Панж назорат-ўтказиш пунктида ишлаган учта божхона ходими «ҳужжатларни нотўғри ўрганганлик ва бепарволикда» айбланмоқда. Расмийнинг қўшимча қилишича, ушбу ишда жами Тожикистоннинг етти фуқароси иштирок этган, уларнинг барчаси ҳибсга олинган ва иш Бош прокуратура томонидан тергов қилинмоқда.

Аввалроқ, маҳаллий ОАВ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан олтин ва катта миқдордаги пулларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича операция ҳақида хабар берган эди. Аммо 18 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида божхона хизмати вакиллари ҳибсга олиш Бош прокуратура ходимлари томонидан амалга оширилганлигини айтишди.

Ҳибсга олинганларнинг, жумладан, божхона ходимларининг исм-шарифлари ҳозирча ошкор этилмаяпти. Баъзи оммавий ахборот воситалари илгари Шугнов олтин конининг собиқ раҳбарининг икки ўғли иштирок этгани ҳақида хабар беришган.

XS
SM
MD
LG