Ссылки доступа

Президентнинг Наманганга сафари арафасида у кириши кутилган барча кўчаларга асфальт босилди (видео)


Наманганнинг Давлатобод туманида Мирзиёев очиб бериши кутилаётган кутбхона олдидаги йўл бир кечада асфальтланган.

Наманганда президент Шавкат Мирзиёев ўтиши кутилаётган йўллар бир кечада асфальт қилингани тўғрисида 18 февралда бир неча наманганлик бир-биридан мустақил равишда хабар қилди.

Наманганликларнинг айтишича, деярли бутун вилоятдан техникалар, қурилиш ва йўл таъмирлашга алоқадор барча хизматлар ходимлари Наманган шаҳри ва атроф туманларга сафарбар этилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Наманган вилоятига жўнаб кетган.

Икки ҳафта олдин Мирзиёев Фарғонага сафари чоғида вилоят марказидаги Шодиёна маҳалласига кутилмаган ташриф билан борган, у ердаги йўллар аҳволини танқид қилган эди.

Президент танқидидан сўнг, шаҳар ҳокими, прокурори, ИИБ ва солиқ бошлиқлари ишдан олинганди.

Исми очиқланмаслигини сўраган наманганлик такси ҳайдовчиси президент Шавкат Мирзиёев келишидан бир кун олдин асфальт ётқизилган йўлларда транспорт қатновлари тўхтатиб қўйилган.

"Свежий асфальт, машина юрса изи қолмасин, деб йўлларни ёпиб қўйишди. Президент келади, деган хабар чиққанидан бери вилоят ҳокимлиги қизғин тайёргарлик кўряпти. Ўттиз йилдан бери таъмирланмаган йўлларга бир кечада асфальт ётқизилди", - деди ҳайдовчи.

Наманганнинг Давлатобод туманида яшовчи аёлнинг айтишича, Мирзиёев очиб бериши кутилаётган туман кутубхонаси олдидаги 40 йилдан бери таъмир қилинмаган йўл ҳам бир кечада асфальтланган.

"Кечаси билан асфальт қилиб чиқишди. 3-микрорайонда яшаймиз. Президент библиотекани очиб бераркан. 40 йилдан бери қаровсиз қолган, СССР пайтидан бери таъмирланмаган йўл устига асфальт ётқизишди. Лекин, катта йўлдан бошлаб фақат 300 метри қилинди, орқа томони ҳозир ҳам дабдаласи чиқиб ётибди. Фақат кўринадиган жойларга асфальт қилишди. Ҳокимият нимага йўлларни фақат президент учун қилади, халқ учун эмас,?!- деди аёл.

"Фарғонадагидай лавозимидан бўшатилишидан қўрқиб, булар шу ишларни қиляпти", - дея қўшимча қилади Наманганнинг Давлатобод туманида яшовчи аёл.

Икки ҳафта муқаддам Ўзбекистон президенти Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига кутилмаган ташриф уюштириб, у ердаги аҳволни танқид қилгани ортидан шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан бўшатилганди.

Мазкур воқеадан сўнг Наманганда маҳаллий мулозимлар Фарғонадаги раҳбарлар вазиятига тушмаслик мақсадида “қолоқ маҳалла”ларни зудлик билан обод қилишга киришгани ҳақида хабарлар кела бошлади.

Ўзбекистонда кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг ўзи 2015 йилда Бош вазир бўлиб ишлаган даврда унинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилояти Қўштепа туманидаги автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган.

XS
SM
MD
LG