Ссылки доступа

Байден камбағал мамлакатларга COVID билан курашиш учун 4 миллиард доллар ваъда қилди


АҚШ президенти Жо Байден 19 февраль куни бошқа бой давлатларни коронавирусга қарши глобал курашда ўз улушини қўшишга ундаш учун камбағал мамлакатларда эмлаш дастурига 4 миллиард доллар ажратишни ваъда қилади, дейди АҚШ расмийлари.

Байден бу ҳаракатни иқтисодиёти ривожланган мамлакатларни ўз ичига олган Катта Еттиликнинг (G7) виртуал саммити пайтида эълон қилмоқчи, деб хабар қилди Оқ Уй матбуот хизмати.

Қўшма Штатлар коронавирусга қарши вакциналарни дунё бўйлаб тенг равишда тарқатилишини таъминлашга қаратилган халқаро COVAX дастурига зудлик билан 2 миллиард доллар ажратади, деди АҚШ маъмуриятининг юқори лавозимли расмийси. Икки йил давомида яна 2 миллиард доллар ажратилади, чунки бошқа мамлакатлар ўз мажбуриятларини бажармоқда, дея қўшимча қилди у.

COVAX — бу турли мамлакатлардаги энг заиф аҳолининг камида 20 фоизига вакциналарни сотиб олиш ва тарқатиш бўйича глобал лойиҳадир. Дастур шундай қилиб ишлаб чиқилганки, камбағал мамлакатлар аҳолини оммавий эмлашни бошлаган бой мамлакатлар билан ҳамнафас бўлиб, аҳолини эмлашни ташкил қилишлари мумкин.

G7 таркибига АҚШ, Германия, Япония, Буюк Британия, Франция, Канада ва Италия киради.

Камбағалликни камайтириш бўйича "ONE Campaign" ташкилоти 19 февраль куни ўз ҳисоботини эълон қилди, унда бой мамлакатлар COVID-19 вакциналарини эҳтиёжидан кўра бир миллиард кўпроқ олишади. Шу сабабли, камбағал мамлакатлар вакцинанинг қолган захиралари учун курашишлари керак, деб ёзади ONE Campaign. АҚШ ва Буюк Британия каби бой давлатлар пандемияга қарши глобал чораларни «кучайтириш» учун ҳаддан ортиқ кўп харид қилинган вакциналарни тарқатиши шарт, дейди ташкилот.

Айни пайтда, АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фауси АҚШ йил охирига қадар пандемия ҳолатидан кейин «нормал» ҳолатга қайтиши мумкинлигини айтди. Фауси АҚШ касалликлари ҳолатига таъсир қилиши мумкин бўлган бир қатор омилларни, шу жумладан коронавируснинг кўпроқ юқумли турлари пайдо бўлишини келтириб ўтди.

XS
SM
MD
LG