Ссылки доступа

Ўзбек ва тожик чегараси яқинидаги қирғиз қишлоқлари: Сабр косаси тўлмоқда


Қирғизистон жанубида Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқинидаги қирғиз қишлоқлари аҳолиси мамлакат ҳукуматидан узоқ йилларга чўзилиб кетган баҳсли ҳудудлар масаласини тезкорликда ҳал этишни талаб қилмоқда.

Германияда мураккаб юрак жарроҳлик операциясидан сўнг Қирғизистонга қайтган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев хордиқ олмасдан 18 февраль куни тезкор равишда Боткен вилоятига борди. Ҳукумат уни чегара муаммоси ортидан норозиликлар кундан кунга авж олиб бораётган вилоятга “чора-тадбирлар қўллаш” учун шошилинч “хизмат сафари”га жўнатди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқинида яшовчи аҳоли билан чегаранинг баҳсли ҳудудлари борасида муросага келишини умид қилган. Ўтган йилнинг ноябрида Қирғизистон Чегара хизмати Миллий хавфсизлик қўмитаси тасарруфига ўтказилган эди.

Қамчибек Ташиев 18 февраль куни Боткен вилоятига қилган сафари давомида Ўзбекистон билан Қирғизистон расмийлари чегара яқинидаги айрим ҳудудларда участка алмашиш юзасидан келишувга эришгани ҳақида билдирган.

Қирғизистоннинг Боткен ва Жалолобод вилояти аҳолиси февраль ойи бошларида пойтахт Бишкекда норозилик намойишларини ўтказган эдилар. Улар ҳукуматдан демаркация масаласини тезроқ ҳал қилишни талаб этган.

Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудлар аҳолисининг иддао қилишича, Тошкент ва Душанбе асрлардан бери қирғизларга мансуб бўлган ерларни тортиб олмоқда.

Айни пайтда 14 февраль куни Ўзбекистон энергетика ширкатлари Боткен вилоятининг Сувбоши ва Бўзадир қишлоқлари ҳудудида электр узатиш линияларини барпо этишга киришган.

Мазкур қишлоқлар Ўзбекистоннинг Сўх туманига яқин ҳудудларда жойлашган. Қирғиз фуқаролари бу ҳақда чегарачиларни огоҳлантирган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати масъуллари учрашувидан сўнг Ўзбекистон электр узатиш линияларини бузиб ташлаган.

Айни пайтда Бишкекдаги Kaktus.media нашри “ҳукуматдаги ишончли манбалар” Ўзбекистон чегарачилари белги ўрнатаётган ҳудудлар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга тегишли экани ҳақида билдирганларини хабар қилди. Уларга кўра, мазкур ҳудудлар 2017 йилнинг сентябрида икки давлат ўртасида эришилган шартномага кўра, Ўзбекистонга ўтказиб берилган.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Олабуқа туманига қарашли айрим ҳудудлар кўп йиллардан бери икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.

Олабуқа туманидаги сув омборини Ўзбекистон ўз ҳудуди ўлароқ танийди. Қирғизистон эса бу ҳудуд ўзига тегишли эканини билдириб келади. Бироқ бу сув омборидан асосан Ўзбекистон қишлоқ хўжалик ерларини суғоришда фойдаланилади.

Ўзбекистон чегарачилари 2016 йилнинг бошларида бу ҳудудга икки марта кириб келган. Улар 2016 йилнинг августида икки давлат ўртасида баҳсли бўлган Унгуртепа ҳудудини эгаллаб олишган.

Ўшанда Тошкентдаги нашрлар Ички ишлар вазирлигига иқтибосан, Унгартепани Ўзбекистон ҳудуди деб атаган эди. Хабарларда мазкур ҳудуд Наманган вилояти Чортоқ тумани тасарруфида экани айтилган.

Бундан аввал қирғиз матбуотида Унгартепа Ўзбекистонга тегишли экани тўғрисидаги 20-сонли протокол 2006 йилда Тошкентда икки давлат расмийлари томонидан имзолангани тўғрисида ҳужжатлар мавжуд экани хабар қилинган эди.

Қирғизистон ҳукумати мазкур ҳудудни аниқлаш жараёни ниҳоясига етмаганини айтиб, бу ерни баҳсли ҳудуд деб атамоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу жанжал 2016 йилнинг 13 августида Қирғизистон томонидан ўзбек милиционери қўлга олинганидан сўнг бошланганди.

Бишкек расмийлари ўзбекистонлик милиционер Косонсой сув омбори ҳудудида қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган пайтда қўлга олинганини билдирган.

Ўзбекистон матбуотига сиздирилган маълумотларда эса, қирғиз милиционерлари Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кириб, ўзбекистонлик милиционерни ўзлари билан мажбурий равишда олиб кетгани айтилади.

Мана шу воқеа ортидан 22 август куни Ўзбекистон Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган. 23 август куни қўлга олинган ўзбек милиционери Олабуқа туман суди томонидан чегарани ноқонуний босиб ўтганликда айбдор деб топилиб, 294 доллар жаримага тортилган ҳамда Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

XS
SM
MD
LG