Унда Муҳиддинов ўзининг тоғаси буйруғига биноан калтакланганини айтган.
21 февраль куни Равшан Муҳиддиновнинг instagramдаги саҳифасига юкланган 12 дақиқалик видео жиноят оламидаги шафқатсизликни фош қилади. Рус тилида гапирган Муҳиддинов видео давомида "ўзи яхши деб билган, аммо ëвузга айланган диндошларининг тузини еб, тузлиғига тупурганидан" таассуф билдиради.
Қисқа вақт ичида бу видео тармоқлардаги барча платформаларда тарқалиб "ҳақиқат кучдадир" деган мем ва хештег остида тақдим қилинди.
АҚШ Молия вазирлиги санкция эълон қилган халқаро жиноий гуруҳ етакчилари рўйхатига киритилган ўзбек тадбиркори Ғафур Раҳимов ўз назарида “душман” деб билганларни жазолагани Мирзиëев иқтидори даврида фаоллашган криминал доираларда қизғин муҳокама қилинган эди.
Видео давомида Равшан Муҳиддинов “Дубайдаги қариндоши калтаклаш жараëнини бошқариб” турганига ҳам ишора қилади. Муҳиддиновнинг яқинлари бу қариндош Ғафур Раҳимов эканлигини тасдиқлади.
Суд тергов ҳужжатларини ўқиш асносида тоға, жиян ва келинойи учлиги орасида юз берган зиддият шамойили ўртага чиқади.
Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчиси У. Ш. Умаров имзолаган ва Озодликда нусхаси бўлган айблов хулосасида даъвогарлар сифатида Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеваларнинг исмлари зикр қилинган.
Айблов ҳужжатларида ëзилишича¸ Ойбек Миралиев Лола Раҳимованинг синглисига тегишли кўчмас мулкни 650 минг долларга сотиб, пулини бермаганликда гумон қилинган.
Бундан ташқари Озодлик танишган даъво аризасида Лола Раҳимова ўзига тегишли «Mercedes-Benz Maybaсh» автомобилини “Ойбек Миралиев ўзлаштирди” деб даъво қилгани ёзилган. Шунингдек, Ғафур Раҳимовнинг вакили ўз даъво аризасида Ойбек Миралиев ва унинг укасини Раҳимовлар оиласига тегишли жами 7 миллион долларга яқин маблағни ўзлаштириб юборганликда айблаган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман суди судьяси Баҳодир Юсупов раислигида тадбиркор ака-укалар Ойбек ва Элдор Миралиевлар устидан ўтаётган суд музокара босқичига ўтган.
Бундан олдин Давлат айбловчиси тадбиркор Ойбек Миралиевни 15 йилга, унинг укаси Элдор Миралиевни эса 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.
2020 йил кузида суд Ойбек Миралиевни 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Элдор Миралиев эса, суд залидан озод қилинган.
Озодлик суҳбатлашган терговга яқин мулозим гапига кўра¸ Ғафур Раҳимов ўзининг собиқ ҳамкори Ойбек Миралиевни (лақаблари: “Фаберже”, “Тухум”) чув тушириш учун ундан аввал ундирган пулларини қайтадан ундиришни режалаштирган.
Бу режани амалга ошириш учун Ғафур Раҳимов Ойбек Миралиевдан пул ундириш вазифасини ўз жияни Равшан Муҳиддиновга юклаган ва жиянига ундириладиган 45 миллион доллардан бир қисмини беришни ваъда қилган.
Топшириқ бўйича ишга киришиб, Ойбек ва Ғафур ўртасидаги молиявий муносабатларни ўрганган Равшан Муҳиддиновнинг яқинлари бу ишда ўз тоғаси Ғафур Раҳимовнинг Ойбек Миралиевга туҳмат қилаётганига, Ғафурнинг пулларини Ойбек эмас, балки Ғафурнинг аёли Лола Раҳимова ўзлаштирганига амин бўлганини Озодликка айтиб берган эди.
Шундан сўнг Равшан (“Золотой”) Ғафур Раҳимовга ўз хулосасини айтади. Ғафур Раҳимов: “Сен менга ва келинойингга эмас, “Тухум”га ишоняпсанми?! Мен билан келинойинг ўртасидаги муносабатларни бузмоқчимисан?!” деб, ўз жияни Равшан Муҳиддиновдан юз ўгиради.
Равшан Муҳиддинов ўз тоғасига вазиятни тўлиқ тушунтириш учун турли даражадаги танишларини ишга солади ва Ғафур Раҳимовга “нейтрал бир жойда” учрашишни таклиф қилади, аммо Раҳимов жияни таклифига рози бўлмайди.
Аксинча, хотини “йўриқнома”си асосида Ғафур Раҳимов, “Элтуз”нинг бошқа бир суҳбатдошига кўра, тезда озарбайжонлик Нодир Салифовга ва қозоғистонлик Арман Жумагелдиевга қўнғироқ қилади.
“Жияним “Золотой” душманим “Тухум” томонга ўтиб кетиб, мени чув туширди”, дейди Ғафур.
Унинг бу гапларига ишонган Салифов (“Лото Қули”) ва Жумагелдиев (“Дикий”) Равшан Муҳиддиновни “заманить қилиб”, гўёки меҳмонга чақиришади.
Бу учрашув 2019 йил, 13 ноябрь куни Истанбулдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида ўтказилган.
У ерда Муҳиддиновни озарбайжонликнинг тарафдорлари – қозоқ Арман Жумагелдиев ва қуролланган яна 10 нафар спортчи йигит кутиб олади.
Хонада аввалдан кутиб ўтирган гуруҳ хонага кирган Равшан Муҳиддиновнинг қўл-оёқларини боғлаб, унга ўлим билан таҳдид қилиб, уни дўппослаб ва қийнаб бошлайди.
Бир неча спортчи йигит “Золотой”нинг бошини сув тўла ваннага бўктира бошлашади. Қаттиқ дўппослашади. Лекин Равшан уларга тан беравермагач, унинг эркаклик номусини топтаб жинсий алоқа қилишини айтишади.
Мирзиëев иқтидори даврида «марҳаматга ноил» бўлиб Ўзбекистонда исталган шхасга айланган Ғафур Раҳимов айни пайтда АҚШ қора рўйхатида қолмоқда.
2020 йилнинг апрелида АҚШ суди ўзбекистонлик тадбиркор, Халқаро бокс уюшмаси – AIBA собиқ президенти Ғафур Раҳимовни уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши санкциялар рўйхатидан чиқармади
Маълум қилинишича, Ғафур Раҳимов АҚШнинг қора рўйхатига ноқонуний киритилганини ва ўзини бу рўйхатдан чиқаришни илтимос қилиб ариза киритган. Аммо Колумбия округ суди Ғафур Раҳимовнинг бу аризасини қаноатлантирмаган.