Ссылки доступа

Тихановская беларусликларни 25 март куни кўчага чиқишга чақирди


Беларус президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская мухолифат тарафдорларини 25 март – мустақиллик кунида ўзлари яшаётган шаҳарлар кўчаларига норозилик билдириб чиқишга чақирди. Тихановская мазкур баёнотни ўз Телеграм-канали орқали ёйинлади.

Мухолифатчи юртдошларини 25 март кунига ҳозирданоқ тайёрланишга чақирган.

Аввалроқ Тихановская Швейцариянинг Le Temps газетасига берган суҳбатида мухолифат кучлари “кўча кураши”ни бой берганини эътироф этиб, Лукашенко режими устидан ғалаба қозониш учун режаланганидан кўра кўпроқ вақт керак бўлишини урғулаганди. Айни пайтда у мамлакатда оммавий норозилик чиқишлари баҳорда давом этиши мумкинлигига умид билдирган.

Тихановскаянинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Франак Вячорка ҳам Россиянинг The Insider нашри билан суҳбатда кўча намойишлари “кунлар илиши билан” қайта бошланиши ҳақидаги тахмини билан ўртоқлашган. “25 март баҳорги норозилик чиқишлари учун муҳим санага айланиши мумкин”, деган у.

Беларусда оммавий норозилик намойишлари ўтган йил 9 августидаги президент сайлови ортидан мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан кейин бошланиб кетган.

Мазкур сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилган намойишчилар олти марта президентлик курсисини эгаллаган Лукашенконинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишган.

Беларусдаги хавфсизлик кучлари намойишларни бостириш чоғида камида беш киши нобуд бўлгани, минглаб намойишчини қўлга олгани, юзлаб одам жабрлангани, тергов ҳибсхоналарида қийноққа солингани ва таҳқирлангани айтилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, шу кунгача 30 мингдан зиёд беларуслик қатағонга учраган, мамлакат расмийлари ўз мухолифларига қарши 900 дан зиёд жиноят иши очганлар.

Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ Беларусдаги президент сайловини “легитим” дея тан олмаган. Европа парламенти мамлакатда тинч намойишларнинг аёвсиз бостирилишини қоралаган резолюцияни қабул қилган, беларуслик қатор амалдорларга қарши санкциялар жорий этилган.

XS
SM
MD
LG