Ссылки доступа

Мирзиёевнинг сири: Тоғларга яширилган қароргоҳ ва сув омбори


Озодликнинг янги кўп қисмли журналистик суриштируви расман “Шоввозсой дам олиш зонаси” деб аталган ушбу мажмуага бағишланади.

Озодлик давлат муҳофазаси остидаги биосфера резервати ҳудудида жойлашган, блокпостлар билан ўраб олинган ва қаттиқ қўриқланадиган ушбу мажмуа ҳақида қурилишга бевосита алоқадор ёки ундан хабардор турли манбалар билан суҳбатлашди.

Расмийларнинг тазйиқи ёки ишларини йўқотишдан қўрқиб исми сир қолишини сўраган манбаларнинг айтишича, Тошкентдан тақрибан 100 километр масофада жойлашган мажмуа президент Мирзиёев ва оиласининг ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган кошонани ҳам ўз ичига олади.

Манбалардан иккитаси мажмуани қуришга бир неча юз миллион доллар маблағ сарфланганини айтди. Асосий қисми 2019 йилгача қуриб битказилган мажмуа ва унга ёндош сув омбори ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган расмий ҳужжатлар очиқ манбаларда унча кўп эмас.

Озодлик президент Мирзиёев администрациясидан жавоб ололмаган суриштируви давомида, шунингдек:

Тоғлар орасида қурилган бу мажмуанинг Ўзбекистонда учиш тақиқланган олтита қизил ҳудуддан бири экани;

Ўзбекистон ҳукумати Шоввозсой тоғ дарëсини тўсиб қурилган сув омбори ва ундан кўзланган мақсад ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермагани;

Шоввозсойдаги қурилиш ва бу мажмуани жиҳозлашда қатнашганлар мобиль телефонларининг мазкур зонага киришдан олдин олиб қўйилгани боис бирорта сурат ëки видео жамоатчиликка тарқамагани;

Шоввозсой мажмуаси буюртмачиси бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси мулозими маҳаллий фаоллардан бирига қурилиш “махфий”лигини эътироф этганини аниқлашга муваффақ бўлди.

Озодлик суриштируви лойиҳанинг инсонлар ҳаёти учун қимматга тушган айрим жиҳатларини ҳам ўртага чиқарди. Жумладан, Шоввозсойнинг қуйи оқимидаги қишлоқ аҳолисига сув бормай қолган, шунингдек, умрини ҳудуднинг экотизимини яхшилашга бағишлаган оила уйидан мажбуран кўчирилган.

XS
SM
MD
LG