Ссылки доступа

Тошкентда вакцина ташишга мўлжалланган махсус автомобиллар автоҳалокатга йўлиқди


Жорий йилнинг 23 февраль куни соат 11:30 ларда Тошкентдаги Нукус ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳа яқинида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудий бошқармаларга фойдаланиш учун топширилиб, олиб кетилаётган “Changan” автомобиллари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, ҳодисага автомобиль ҳайдовчиларидан бири кескин тормоз босиши сабаб бўлган. Натижада 2 та автомобиль техник шикастланган, айни пайтда ҳодиса чоғида ҳеч ким тан жароҳати олган эмас.

“Мазкур ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳодиса содир бўлиш сабабларига ойдинлик киритилмоқда”, дейилган хабарномада.

Озодлик 23 февраль куни БМТнинг Болалар жамғармаси Тошкентдаги “Миллий” стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилларини топширгани, тақдим этилган транспорт воситаларининг умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этиши ҳақида хабар қилганди. Тошкентда шу куннинг ўзида содир бўлган ЙТҲдан кейин бу автомобиллардан камида иккитаси бир муддат ишга ярамаслиги мумкин.

XS
SM
MD
LG