Биринчи куни Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан учрашади, деди Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев.
«Қирғизистонга грант ёрдамини бериш масалалари кўриб чиқилади. 2020 йилда 20 миллион доллар ажратилган. Қўшимча грант маблағларини ажратиш бўйича музокаралар олиб борилади. Бундан ташқари, кун тартибига Евросиё тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратиш, шунингдек, газ нархини пасайтириш масаласи киритилган», — деди у президентлар ўртасида бўлиб ўтадиган музокараларнинг асосий мавзулари ҳақида.
Аввалроқ Жапаровнинг матбуот хизмати ушбу ташриф доирасида Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко ва Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин билан учрашувлар режалаштирилганлигини хабар қилган эди.
Бундан ташқари, Россия ишбилармон доиралари вакиллари билан, шунингдек, Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандошлар ва қирғиз талабалари билан учрашувлар ўтказилади.
Январь ойи охирида Садир Жапаровнинг матбуот хизмати ўзининг биринчи хорижий ташрифини Россияга амалга оширмоқчи эканлигини эълон қилди. 15 февраль куни давлат раҳбари сафардан олдин санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилиш зарурати туфайли масофадан туриб ишлаш режимига ўтгани маълум бўлди. Бундан ташқари, Жапаров Москвага ташрифидан олдин Россия билан муносабатлар тўғрисида мақола ёзган.
Қирғизистоннинг собиқ президентлари ҳам Россияга биринчи хорижий ташрифларини амалга оширган. Сооронбай Жеэнбеков 2017 йилда Путин билан учрашувда «шундай бўлиши керак» деб айтган эди. Истисно — мамлакатнинг биринчи президенти Асқар Акаев бўлиб, у давлат раҳбари этиб сайланганидан кейин биринчи бўлиб Туркияга ташриф буюрган.