Ссылки доступа

АҚШ разведка агентликлари: Шаҳзода Муҳаммад журналист Жамол Қошиқчини ўлдиришга буйруқ берган бўлиши мумкин


Джамаль Хашогги
Джамаль Хашогги

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон катта эҳтимол билан мухолифатчи журналист Жамол Қошиқчини ўлдиришга буйруқ берган ёки ҳеч бўлмаганда буни маъқуллаган.

Ушбу хулоса Америка махсус хизматларининг пайшанба куни эълон қилинадиган ҳисоботида келтирилган. Бу ҳақда ҳисобот мазмуни билан таниш бўлган ОАВ хабар бермоқда.

Саудия Арабистони раҳбариятини, шу жумладан Ғарб матбуотида танқид қилган чет элда яшаган Жамол Қошиқчи 2018 йилда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги ҳудудида ўлдирилган. Қотилликдан кейин Қошиқчининг жасади парчаланиб, Саудия Арабистонининг консуллигидан олиб чиқиб кетилган. Қолдиқлар ҳали топилмади.

Қошиқчи танқид қилган шаҳзода Муҳаммаднинг жиноятга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонлар қотилликдан сўнг дарҳол билдирилган. Шаҳзода қотилликда ўзининг иштирокини қатъиян рад этди. Саудия Арабистони қотилликни рад этишга уриниб кўрди, аммо кейин тан олди. Журналист билан консулликда муомала қилган Саудия разведкасининг зобитлари ўз ташаббуси билан ҳаракат қилгани эълон қилинди. Улар судга берилди. Қошиқчининг оиласи қотилларни авф этиш тўғрисида ариза беришди. Қироллик қонунларига кўра, бундай ҳолатда айбланувчига ўлим жазоси берилиши мумкин эмас. Натижада судланувчилар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Хабарларга кўра шаҳзоданинг суиқасд операциясига алоқадорлиги тўғрисида тўғридан-тўғри далиллар йўқ, аммо разведка идоралари бундай операцияни кучли Муҳаммад бин Салмоннинг розилигисиз амалга ошириш мумкин эмаслигини айтмоқда.

Маълум қилинишича, АҚШ президенти Жо Байден маъруза мазмуни билан танишган ва уни қирол Салмон билан телефон орқали муҳокама қилмоқчи. Аввалроқ, Байден АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиларидан бири бўлган Ар-Риёд билан муносабатларни «қайта тиклаш» зарурлигини эълон қилганди.

Пайшанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири билан телефон орқали суҳбатлашди. Улар ҳисоботни муҳокама қилган-қилмагани расман эълон қилинмади.

XS
SM
MD
LG