Ссылки доступа

Арманистонда ҳокимият инқирози: бош вазир президентга қарши чиқди


Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўз тарафдорларини 1 март куни Ереван марказидаги Республика майдонида бўлиб ўтадиган митингга келишга чақирди, деб ёзади «ТАСС».

Ўтган жума куни Арманистонда мухолифат тарафдорлари митинглар ўтказди. Шанба куни республика президенти Армен Саркициан Бош вазир талаб қилган Бош штаб бошлиғини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолашдан бош тортгани маълум бўлди.

Арманистон мудофаа вазирлиги шанба куни мамлакат қуролли кучларини сиёсий жараёнларга аралашмаслигини талаб қилди.

«Биз қуролли кучлар номидан баёнотлар беришдан бош тортишни, армияни сиёсий жараёнларга аралашмасликни ва мамлакат хавфсизлигини ўз манфаатларимизга бўйсундирмасликни талаб қиламиз», дейилади ҳарбий департамент веб-сайтида эълон қилинган коммюникеда.

Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Арманистон қуролли кучлари сиёсий жараёнлардан қатъий назар, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз вазифаларини тўлиқ масъулият билан бажаришини қўшимча қилди.

Пашинян мухолифлари ва тарафдорларининг оммавий ҳаракатлари ўтган пайшанба куни, Арманистон қуролли кучлари Бош штаби Бош вазир ва ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилгандан кейин бошланди. Баёнотга Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарян, унинг ўринбосарлари, идора ва корпус раҳбарлари имзо чекдилар.

Пашинян бу талабни «ҳарбий тўнтаришга уриниш» деб атади ва Бош штаб бошлиғини ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.

Арманистон бош вазири таклифи билан мамлакат президенти конституцияга биноан Бош штаб бошлиғини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Аммо Армен Саркисян Оник Гаспарянни истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолашдан бош тортди.

Кейин Пашинян унга ўз таклифини қайта юборди. Энди президент фармонни уч кун ичида имзолаши ёки Арманистон Конституциявий судида бош вазирнинг қарорига қарши чиқиши керак.

XS
SM
MD
LG