Ссылки доступа

Тошкентдаги «Шовотландия» кафесидаги ёнғинда беш киши ўлди. Кафега ўт қўйган шахс ушланди


Тошкентдаги "Шовотландия" кафесига ўт қўйилиши ортидан мазкур кафеда ишлаб, ўша ернинг ўзида яшаб келган 5 киши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Чилонзор туманида Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Яхёжон Абдулхаков, Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Кафега “қасддан ўт қўйган” шахс қўлга олинган. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, у Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф., бўлган.

“Қасддан ўт қўйган шахс «Матиз»да манзилга келиб, бино деворларига шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган. Аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлгач воқеа жойини яширинча тарк этган”,-дейилади ИИВ билдирувида.

27 февраль куни соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган «Шовотландия» кафесида ёнғин чиққан ҳақида хабар берилган эди.

Ёнғин оқибатида кафенинг томи ҳамда ички жиҳозлари 150 кв.м. майдони ёниб жиддий зарарланган. Ёнғинни ўчиришга 4 та ўт ўчириш бўлинмаси жалб қилинган.

Ўшанда ёнғин оқибатида жабрланганлар бор экани хабар қилинган, бироқ улар олган жароҳат характери тўғрисида ҳеч нарса дейилмаганди.

XS
SM
MD
LG