Ссылки доступа

Давстатқўм: Февраль ойида инфляция даражаси 0,6 фоизга тенг бўлди


Жорий йилнинг феврал ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,6 фоизга қимматлаган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилишича, 2021 йилнинг дастлабки икки ойи давомида нархларнинг ўсиши 1,7 фоизни, ўртача ойлик ўсиш суръати эса 0,8 фоизни ташкил этган. Йиллик нисбатда эса инфляциянинг ўсиш суръати 11,4 фоизга етган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган ой озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,6 фоизга, хизматлар эса 0,8 фоизга ошган. Ўтган йилнинг бу даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,6 фоизга, хизмат ҳақи эса 0,3 фоизга ошган эди.

Бундан озиқ-овқат маҳсулотлари нархида ўсиш ўтган йил билан солиштирганда камайгани, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ўсиш суръатида ўсиш бўлмагани, хизмат ҳақининг ўсиш суръати эса ортганини англаш мумкин.

Умуман олганда, ўтган бир йил ичида Ўзбекистонда озиқ-овқат маъсулотлар нархи 14,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 9,1 фоизга, хизмат ҳақи эса 8,8 фоизга ошган.

XS
SM
MD
LG