Ссылки доступа

Нақшинкор дарвозали контейнер: Наманганда ҳокимлар учун контейнер уйлар қурилмоқда


Президент Мирзиёев Наманганга сафари давомида, 19 февраль куни "кутилмаганда" борган “Бунёдкор” маҳалласида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов учун контейнер уй қурилмоқда.

Наманган вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, “Вилоят ҳокими уйи” деб ном берилган қурилма бир неча контейнердан иборат бўлади ва унинг ичида яшаш учун барча шароит муҳайё қилинади.

Президент ташрифидан бир кун ўтиб, ҳокимнинг ўзи "Бунёдкор" маҳалласи аҳолси билан учрашган ва маҳаллага кўчиб келиб, контейнерда яшашини айтган эди.

Ҳокимлик расмийси контейнер уй шаҳарнинг бирин-кетин обод қилинадиган маҳаллаларида ҳоким билан бирга кўчиб юришга мосланаётганини айтди.

"Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини фаолига кўра, президент кетганининг эртасигаёқ давлат ташкилотлари, куч ишлатар тузилмалар ва ҳарбийлардан иборат 1000 кишилик "армия" 12 минг аҳоли яшайдиган қишлоққа ташланган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Наманган шаҳар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳашарчилар қўлига курак, кетмон олиб, қишлоқ кўчаларидан тортиб аҳоли томорқаларигача “обод қилмоқда”.

Шу кунларда “Бунёдкор” маҳалласидаги “ободончилик ҳашари”да қатнашаётган маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) фаолига кўра, кечасию кундузи иш тўхтамаяпти.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган фаол бюджет ташкилотлари, куч ишлатар тузилмалар ходимлари ва ҳарбийлардан иборат 1000 кишилик ҳашарчи маҳаллада ишлаётганини айтди.

“Кўчалар тозаланяпти, асфальт босишяпти, йўл чеккаларига гул экиладиган майдончалар қилишяпти. Деворлар оқланяпти, одамларнинг томорқаларигача кўчатлар ҳам экиляпти. Борингки, роса катта ободончилик ишлари кетяпти. Бизга йиллардан буён ичадиган сув келмаган, одамлар ариқдан сув ичишган. Табиий газ умуман йўқ эди. Ҳозир мана сув тортишяпти, газ ҳам келади, дейишяпти”, - деди наманганлик фаол.

Видеоларда “Бунёдкор” маҳалласи бош кўчаларида ишлаётган оддий одамлар ва формадаги ҳарбийларни кўриш мумкин. Ҳарбийлар қўлларига кетмон ва курак олиб, катта йўллар ёқасини тозаламоқда.

Наманган вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, “Бунёдкор” МФЙдаги манзара ҳозирданоқ бутун вилоятга кўча бошлаган.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган маҳаллий мулозимнинг сўзларига кўра, маҳаллалар ҳашар йўли билан обод қилинмоқда, яъни давлат ташкилот ва корхоналари ободончилик ишларига ҳашарчи ўлароқ чақирилган.

Аммо наманганлик журналистлардан бирининг айтишича, ҳокимлик "ҳашар" деб тақдим қилаётган тадбирнинг сарф-ҳаражатлари, одатдагидек, унга жалб қилинган ташкилотлар зиммасига юкланади:

18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига қилган сафари давомида президент Шавкат Мирзиёев, "кутилмаганда" Наманган шаҳри марказидан 8 километр наридаги “Бунёдкор” МФЙга борди.

Президент матбуот хизмати ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тарқатган видеоларда Мирзиёев маҳалла аҳли билан учрашгани, мулозимлар ҳамроҳлигида ўнқир-чўнқир кўчалардан юриб ўтгани кўрилади. Президент йиллар давомида электр, табиий газ ва тоза ичимлик суви билан таъминланмаган қишлоқдаги аҳвол учун вилоят расмийларига танбеҳ берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Фарғона вилоятига қилган икки кунлик сафари давомида ҳам "кутилмаганда" “Шодиёна” маҳалласига борган. Президент маҳалла аҳли билан учрашиб, маҳалладаги муаммоларни сўраганди.

Сўнгра президент бундан буён вилоятларга сафар қилганида ўзи истаган маҳаллага, аввалдан айтмасдан кириб боришини айтди. Унинг бу баёнотидан сўнг бутун республика бўйлаб "қолоқ маҳаллалар"ни ёппасига обод қилиш ишлари бошланди.

XS
SM
MD
LG