Ссылки доступа

Маҳаллий туристлардан ундириладиган йиғимнинг кунлик миқдори 980 сўм қилиб белгиланди


Ўзбекистон ҳукумати жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик (меҳмонхона) йиғимнинг яшалган кун учун миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизи ёки 980 сўм қилиб белгилаган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур йиғим президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 9 февралида имзолаган “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан жорий қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Фармонга мувофиқ, ўзбекистонликлардан мазкур йиғим шу йил 1 мартида ундирила бошлайди. Шу пайтгача бундай йиғимни хорижлик меҳмонлар тўлаб келган, холос.

Маҳаллий аҳолидан йиғиладиган туристик йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши айтилган.

Мазкур ўзгариш ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлган, ҳатто айрим блогерлар бу ҳақда “барча йўллар солиққа етаклайди” дея киноя қила бошлаганди.

XS
SM
MD
LG